Самарқандда “Шарқ тароналари” ўнинчи мусиқа фестивали очилиш маросими бўлиб ўтди
Самарқанд шаҳрида 28 август куни “Шарқ тароналари” Х халқаро мусиқа фестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд қўшалоқ байрам оғушида. Мустақиллигимизнинг 24 йиллиги ва “Шарқ тароналари” X халқаро мусиқа фестивалига кўрилган тайёргарлик шаҳарга янада файз ва чирой бахш этган. Кенг ва озода кўчалар бўйида ранг-баранг байроқлар ҳилпирайди. Сўлим боғ ва хиёбонлар таровати кишига хуш кайфият бағишлайди. Одамлар юзидаги табассум катта байрам яқинлашаётганидан дарак беради.
Сўзда таърифлаб, қаламда тасвирлаб бўлмайдиган ҳис-туйғулар мусиқада ўз ифодасини топади. Уни тушуниш, таъсирини сезиш учун таржимон шарт эмас. Мусиқа халқларни, турли миллат ва элатларни бир-бирига танитади, яқинлаштиради.
Бугун Самарқандга келган киши ана шундай байрамона, дўстона муҳитнинг гувоҳи бўлади. Бу ерда Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ўнинчи бор ўтказилмоқда. Олтмиш олти мамлакат санъаткорлари, минглаб сайёҳлар ва мухлисларнинг бир-бирига ширинсўзлиги, очиқюзлигини кўриб, давлатимиз раҳбарининг илк фестивалнинг очилиш маросимидаги қуйидаги сўзлари ёдга тушади: “Ишонаманки, бу фестиваль ҳар бир одамни меҳру шафқатли, меҳру оқибатли бўлишга даъват этади, ер юзида барқарорлик ва аҳиллик табиатини уйғотади. Ишонаманки, “Шарқ тароналари” мусиқа фестивали халқларимиз маданиятларини ўзаро бойитади, миллатимиз ва динимиздан қатъи назар, халқларимизни ва инсонларни бир-бирига яқинлаштиради”.
Бу олижаноб мақсадлар ҳаётда ўз ифодасини топмоқда. 1997 йилдан буён ҳар икки йилда ўтказиб келинаётган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали жаҳон аҳлининг ўзаро маданий мулоқотга бўлган ҳаётий эҳтиёжини рўёбга чиқаришда беқиёс восита бўлиб хизмат қилмоқда.
Муҳташам мадрасалар гулгун шафақ фонида янада гўзал ва салобатли кўринади. Бетакрор амфитеатр ҳосил қилган бу обидалар анжуманга ўзгача руҳ, улуғворлик бағишлайди. Мовий гумбазлар ранг-баранг чироқлар ёғдусида жилоланади. Майдон “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг очилиш маросимига йиғилган томошабинлар билан тўлган. Улар орасида анжуман қатнашчилари ва меҳмонлари, санъат ихлосмандлари, мусиқашунос олимлар, чет эллик ва маҳаллий журналистлар, сайёҳлар бор.
Фестиваль иштирокчилари ва томошабинлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовни қарсаклар билан кутиб олади.
Сўз Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга берилади.
Давлатимиз раҳбари “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали иштирокчилари ва меҳмонларини қутлар экан, мазкур анжуманнинг чуқур гуманистик руҳи ва фалсафаси, халқлар ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, маданий мулоқотни ривожлантириш, мумтоз мусиқа анъаналарини асраб-авайлашдаги аҳамияти ҳақида тўхталди, фестиваль ишига муваффақият тилади.
ЮНЕСКО Бош директорининг ўринбосари Эрик Фальт Президент Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистон тарихий ва маънавий меросини сақлаб, барча соҳаларда барқарор ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Халқаро мусиқа фестивалининг очилишига бағишланган концерт бошланади. Ўзбек мумтоз ашулалари дилларни ром этади, жозибадор рақслар кўнгилларга завқ-шавқ бағишлайди. Томошабинлар дилтортар ашулаларга жўр бўлиб, рақсга тушади. Ўзбек санъаткорлари ижросида жаҳон классик композиторлари асарларидан намуналар янграганда фестиваль иштирокчиларию томошабинлар ҳайратга тушади. Мамлакатимизда миллий санъат билан бир қаторда жаҳон мусиқа маданиятининг энг нодир намуналари ҳам севиб ижро этилишини намоён этади...
Истиқлол йилларида миллий мусиқамизни чуқур ўрганиш ва ривожлантириш борасида улкан ишлар амалга оширилди. Шашмақом, Катта ашула, Аския инсониятнинг энг дурдона кашфиётлари сифатида ЮНЕСКОнинг Жаҳон номоддий мероси рўйхатига киритилди. Ўзбекистон давлат консерваторияси, ўнлаб театр ва маданият саройлари, санъат йўналишидаги коллеж ва лицейлар барпо этилди.
Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009-2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури доирасида 278 мусиқа ва санъат мактаби фойдаланишга топширилди. Улар 30 мингдан ортиқ янги мусиқа асбоблари, 61 минг нусха ўқув қўлланмалари, миллий ва жаҳон мусиқаси ноталари билан таъминланди.
“Ягонасан, муқаддас Ватан!”, “Ниҳол”, “Юрт келажаги”, “Камалак юлдузлари” каби кўрик-танловлар истеъдодли санъаткорларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар маънавиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
“Шарқ тароналари” фестивали мамлакатимизда маданият ва санъатга қаратилаётган алоҳида эътиборнинг юксак намунасидир.
Манба: УзА