Спорт | 15:27 / 29.08.2015
4761
4 дақиқада ўқилади

Терма жамоалар маркази: Виктор Жалилов махсус топшириқ туфайли Словакия йиғинига бормасдан Тошкентда қолди

Терма жамоалар маркази топшириғига биноан бош мураббий Виктор Жалилов Ўзбекистон олимпия терма жамоаси делегацияси билан Словакиядаги халқаро турнирга бормади ва миллий терма жамоа ихтиёрига келиб қўшилди. Словакиядаги халқаро турнирда олимпия терма жамоасига катта мураббий Дилшод Нуралиев раҳбарлик қилади. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол федерациясининг расмий сайтида хабар берилган.

Олимпия терма жамоасининг Тошкентдаги йиғинига раҳбарлик қилган Виктор Жалилов айни пайтда миллий терма жамоа мураббийлари билан бирга Жар стадионидаги машғулотларда ишламоқда.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси 27 августдан буён Тошкентдаги Жар стадионида машғулот ўтказмоқда. Ўқув-машғулот йиғинига 30 футболчи таклиф этилган. Легионерлардан Александр Гейнрих, Анзур Исмоилов ва Фозил Мусаев таркибга келиб қўшилишган.

Яман терма жамоаси 31 август куни Дубайдан Тошкентга учиб келади. Терма жамоа Ўзбекистонга қарши ўйин олдидан Уммон билан ўртоқлик учрашуви ўтказиб, 0:1 ҳисобида мағлубиятга учради.

Ўзбекистон терма жамоасининг Яманга қарши учрашуви 3 сентябрь куни “Пахтакор” стадионида соат 19:00 да бошланади. 2 сентябрь куни эса икки терма жамоа бош мураббийлар иштирокида матбуот анжумани ва унинг кетидан расмий машғулот ўтказилади.

3 сентябрь куни “Н” саралаш гуруҳида пешқадам Шимолий Корея терма жамоаси Манамага бориб, Баҳрайн терма жамоасига қарши 3-тур учрашувида майдонга тушади. Ўйин Тошкент вақти билан 18:40 да бошланади.

5 жамоа ўйнайдиган “Н” саралаш гуруҳида пешқадамлардан яна бири Филиппин терма жамоаси бу турда дам олади. Филиппин футбол федерацияси 3 сентябрь куни Мальдив ороллари терма жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказилиши ҳақида маълум қилган. Ўйин Тошкент вақти билан 22:00 да “Ризал Мемориал” стадионида ўтказилади.

Ўзбекистон терма жамоаси 3 сентябрь куни Яманга қарши ўйинни ўтказиб, 2 кун Тошкентда шуғулланади ва 6 сентябрда чартер рейси орқали Филиппинга учиб кетади. 7 сентябрда Филиппин ва Ўзбекистон терма жамоалари иштирокида матбуот анжумани ва Филиппин – Ўзбекистон учрашуви 8 сентябрь куни Тошкент вақти билан 20:00 да Бокаю Сити шаҳрида бўлиб ўтади. 8 сентябрь куни, шунингдек, Доҳада Яман терма жамоаси Баҳрайн терма жамоасига қарши 4-тур учрашувини ўтказади. Шимолий Корея терма жамоаси 4-турда дам олади ва ҳозирча ҳеч қандай учрашув ўтказишни режалаштирмаган.

3-тур олдидан “Н” саралаш гуруҳида Шимолий Корея ва Филиппин 2 та ўйиндан кейин 6 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Кейинги ўринларни эгаллаб турган Баҳрайн, Ўзбекистон ва Яман терма жамоаларида эса ҳозирча очко йўқ.

Эслатиб ўтамиз, 

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси 28 август куни тонгда халқаро ўртоқлик мусобақасида иштирок этиш учун Словакияга жўнаб кетди.

Жамоа йиғини 27 август куни бошланди ва улар “Жар” спорт мажмуасининг иккинчи футбол майдонида машғулотларини ўтказди.

Ушбу турнирда Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Словакия, Саудия Арабистони, Иордания ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари олимпия терма жамоаларига қарши майдонга тушади.

Шундан сўнг, интернетдаги ижтимоий тармоқларда терма жамоанинг Словакия сафарига бош мураббийсиз йўл олгани кескин танқидларга учраганди.