Спорт | 19:24 / 01.09.2015
4988
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик боксчи Бектемир Мелиқўзиев жаҳон чемпионини Осиё чемпионатидан чиқариб юборди

Таиланднинг Бангкок шаҳрида бокс бўйича Осиё чепмпионати ўйинлари давом этмоқда. 1 сентябрь куни кундузги дастурдан ўрин олган чорак финал баҳслари якунига етди. Унда икки нафар ўзбекистонлик спортчи рингга кўтарилди ва ғалабага эришди. Бу ҳақда «Stadion.uz» нашри хабар қилган.

Дастлаб -49 кг вазн тоифасида Ҳасанбой Дўсматов япониялик Тсубой Томоя билан жанг олиб борди. Ўзбекистонлик боксчи рингда тўла устунликка эришди ҳамда ҳакамларнинг учаласи ғалабани Дўсматовга берди — 3:0. Шу тариқа Ҳасанбой ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.

Ёш боксчи Бектемир Мелиқўзиев эса куннинг сенсацион натижаларидан бирини қайд этди. Катталар терма жамоаси сафига қўшилганига кўп бўлмаган, ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпиони, ўсмирлар ўртасидаги олимпия ўйинлари (Нанкин) ғолиби бўлган Бектемир бугун қозоғистонлик жаҳон ва Осиё чемпиони Жанибек Алимханулининг синовидан ўтди. Қўшни юрт спортчиси тажриба, бўй ва техникада устунликка эга бўлганига қарамай, Мелиқўзиев жангни ғалабагача олиб борди. Биринчи ва иккинчи раундлар нисбатан тенг ўтди. Учинчи раундда эса ўзбек боксчиси рақибига кучли ва аниқ зарбалар йўллашга муваффақ бўлди. Натижада ҳакамларнинг икки нафари ғалабани Бектемир Мелиқўзиевга тақдим этди — 2:1.

Бугун кечки дастурда яна 3 нафар ўзбекистонлик боксчи — Муроджон Аҳмадалиев (56 кг), Фазлиддин Ғоибназаров (64 кг), Рустам Тўлаганов (91 кг) чорак финал жангларини ўтказади. Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган яна 4 нафар боксчи чорак финал жанглари учун эртага, 2 сентябрь куни рингга кўтарилади.

Бундан олдинроқ, Бангкокдаги Осиё чемпионатида 10 ўзбек боксчисининг 9 нафари чорак финал баҳсларини давом эттириши ҳақида хабар берилганди.