“Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК 30 сентябргача ўзининг Киевдаги ваколатхонасини ёпади
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК 30 сентябргача ўзининг Киевдаги ваколатхонасини ёпади, деб маълумот берди авиакомпаниядаги манба 12news.uz мухбирига.
Бундан аввал МАК Ўзбекистон ва Украина муттасади идоралари ўртасида келишилган линиялардан фойдаланиш бўйича келишувларнинг йўқлиги сабабли 2015 йил 12 майдан Тошкент-Киев-Тошкент йўналиши бўйича HY741/742 рейсларининг вақтинчалик тўхтатилишини маълум қилган эди.
Ўзбекистоннинг Украинадаги элчиси Алишер Абдуалиев Украина томонидан бир томонлама тартибда икки давлат пойтахтлари ўртасида ҳаво алоқасининг ёпилиши икки давлат ўртасидаги ҳаво алоқаси ва ҳаво транспорти соҳасидаги ҳамкорлик бўйича келишув шартларига зид эканлигини айтган.
“Украина ҳукумати даражасида икки ой аввал Ўзбекистон ва Украина ўртасида ҳаво алоқасини тиклаш бўйича ортга суриб бўлмайдиган чоралар кўрилиши баралла айтилган бўлсада, бироқ бу вазифалар Украинанинг масъул вазирликлари ва бошқармалари томонидан эътиборсиз қолдирилди. Шу билан бирга жараённи тўхтатиш ҳамда Ўзбекистон ва Украина ўртасида ҳаво алоқасининг тўлиқ тўхтатилишининг олдини олиш имконияти ҳали ҳам мавжуд”, деб айтмоқда А.Абдувалиев.