ОАВ: сериаллар оиласизликни тарғиб қилмоқда
Ўзбекистон матбуотида хорижий сериалларни танқид остига олиш давом этмоқда. Бу сафар “Оила даврасида” газетасида чоп этилган мақолада бундай сериаллар “жентльменлик” ниқоби остида оиласизликни, палапартиш ҳаёт кечиришни тарғиб қилаётгани иддао этилди.
“Ҳозир хориж кинофильмларининг аксариятида кибор хонимлар даврасида юрадиган изқувар, олифта ва ўзбошимча шифокор, худбин хонанда, енгилтабиат бизнесмен кабилар асосий қаҳрамон қилиб кўрсатилади, - деб ёзади мақола муаллифи. – Танганинг иккинчи томонига эътибор бериб қарасангиз, уларда на оила, на бола-чақа, на бир масъулият бўлади. Ота-онага ҳурмат ўрнига уларнинг меросига қандай эга бўлишга тарғиб қўпроқдек, назаримда.
Оила қуришга бирон мансабга эришиш ёки бойлик орттириш каби шахсий ғаразлар панжараси ортида қаралади. Бегона эркакнинг аёл киши билан унинг эри олдида шакаргуфторлик қилишига оддий ҳолат – “жентльменлик”, этика деб қаралади”.
Муаллиф ушбу ҳолатларни ўзбек миллий урф-одатлари билан қиёслайди ва, табиийки, ўзбек одатлари яхшироқ ва мукаммалроқ деган хулосага келади.
У оиланинг инсон ҳаётида муҳим ўрин тутишига, “бир оилага бош бўлмаган” одамнинг “обрў-эътибори ва мол-давлати бир пулга қиммат ҳисобланиши”га урғу беради.
“Ҳа, оиланинг ўзи бизда катта бир қадрият. Зеро, ҳар қандай эзгулик ҳам оиланинг мусаффо муҳитида камол топади... Оиладан йироқлашиш – оилавий қадриятлардан ҳам узоқлашишдир”, - хулоса қилади у.