Жамият | 10:53 / 07.09.2015
3518
2 дақиқада ўқилади

Ассанж ўзининг янги китобида АҚШ жосуслик технологияларининг доимий ривожи тўғрисида ҳикоя қилди

АҚШ терроризмга қарши "Америка уруши" деб ном олган давр бошланганидан буён махфийликни сақлашга йўналтирилган жосуслик технологиялар соҳасида “мислсиз сакраш”ни амалга оширди. Бу ҳақда Жулиан Ассанжнинг бугун, 7 сентябрь куни Британия ва Австралияда сотувга чиқарилган The WikiLeaks Files ("Викиликс" файллари”) номли янги китобида айтиб ўтилган.

Китобда АҚШ давлат департаментининг WikiLeaks ходимлари қўлига тушган кўплаб қизиқарли маълумотлари ўрин олган.

Ассанжнинг сўзларига кўра, WikiLeaks сайтининг ўзида “узоқ вақт баҳслашиш мумкин бўлган” ички давлат маълумотларининг 2,3 млндан зиёд улкан захираси мавжуд.

Австралиялик муаллиф, шунингдек, “Америка империяси нуқтаи назаридаги дунё” тагсарлавҳали китоб оламнинг турли-туман қисмларидаги АҚШнинг асл фаолияти тўғрисида билиб олишга имкон беришига ҳам эътибор қаратиб ўтди.

“Мазкур асар илк маротаба геосиёсат ҳақида билиб олишимизга имкон берувчи WikiLeaks`да эълон қилинган миллионлаб ҳужжатларни таҳлил қилиш қилиш зарурияти масаласини ўртага ташлайди”, – деди дунёга машҳур хакер.

Маълумот ўрнида, WikiLeaks асосчиси 2012 йилнинг 19 июнида уни жинсий зўравонликда айблаётган Швецияга экстрадиция қилишларидан қочиб Эквадорнинг Лондондаги элчихонасидан сиёсий бошпана сўраган эди. Ассанж ўзига қўйилган барча айбларни инкор қилиб, бунга сиёсий мақсадлар сабаб эканини маълум қилган. У ўзига АҚШ давлат департаментининг махфий маълумотларини ошкор қилгани сабабли чиқарилган 35 йиллик қамоқ жазоси ёки жосуслик қилгани учун қонунга биноан ўлим жазоси берилишидан хавфсирамоқда.

Айни пайтда Лондондаги Эквадор элчихонаси атрофида бинони тарк этишга уринган Ассанжни қўлга олиш учун куну тун учта соқчи навбатчилик қилмоқда. Ассанжнинг ҳисоб-китобига кўра, Лондон навбатчи қисмлар учун ҳар ойда 240 минг фунт ёки 365 минг доллар маблағ сарфлайди.