Жамият | 20:27 / 07.09.2015
3723
2 дақиқада ўқилади

Брюсселда 6 мингдан ортиқ фермер намойишга чиқди

Бельгия ва Франциядан бўлган 6 минг нафардан ортиқ фермерлар Брюссель шаҳрида намойиш уюштиришди. Улар Европа Иттифоқидан икки мамлакатнинг чегара ҳудудида жойлашган фермерларга молиявий ёрдам ажратишини талаб қилишмоқда. Бу ҳақда Le Soir нашри хабар берган.

Маҳаллий манбаларнинг хабар беришича, норози фермерлар намойишга тракторларда келишган. Айни вақтда улар Брюсселда жойлашган Европа Иттифоқи кенгаши ва Еврокомиссия офислари жойлашган биноларни ўраб олишган. Намойишчилар полициячиларга тухумлар ва машъалалар улоқтиришмоқда. Улар шунингдек, бино олдида похол уюмларини ёқишган.

Айни вақтда Европа Иттифоқининг аъзолари бўлган 28 давлатнинг қишлоқ хўжалик вазирлари мавжуд вазиятдан чиқиш масалаларини муҳокама қилиш учун фавқулодда йиғилиш ўтказмоқда. Бу давлатларнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида Россияга экспортнинг тақиқлангани туфайли инқирозий ҳолат юзага келган. Инқироз айниқса, сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи фермерларга жиддий зарар етказган.

Бироз олдинроқ, Еврокомиссия санкциялардан жабр кўрган фермерларга ёрдам кўрсатиш муддатини кейинги йилнинг июлига суришга қарор қилганди.