Эмомали Раҳмон: Тожикистонда террорчиларни бартараф қилиш бўйича операция яқин кунларда ўз ниҳоясига етади
Тожикистон кучишлатар тузилмаларининг ҳукуматга қарши қуролланган гуруҳни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича операцияси яқин кунларда якунланади. Бу ҳақда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 6 сентябрда Вахдат аҳолиси олдидаги чиқиши давомида маълум қилди. Раҳмон бу ерга ишчи ташриф билан келган.
Тожикистон етакчиси ёшларнинг бир қисмининг террорчилик гуруҳларга, жумладан, “ИШИД”га жалб қилинганлиги борасида хавотир билдирди. Унинг маълумотларига кўра, мамлакатнинг 500 га яқин фуқароси “ИШИД” сафига қўшилган.
Раҳмон Вахдат милиция бўлими ва Тожикистон Мудофаа вазирлиги марказий аппаратига уюштирилган террорчилик ҳужумлари хусусида гапирар экан, “яқин орада озодликда юрган террорчилар қўлга олиниши ва операция якунланишини” таъкидлаб ўтди.
Тожикистон ИИВ матбуот маркази берган маълумотларга кўра қуролли тўқнашулар давомида 13 жангари йўқ қилинди, 35 дан кўпроғи ҳибсга олинди. Мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Абдуҳалим Назарзода бошчилигидаги гуруҳнинг қолган иштирокчиларини қидириш ишлари борилмоқда.