Сечин: ОПЕК Россияга ташкилотга аъзо бўлишни таклиф қилди, бироқ Россия кузатувчи бўлиб қолади
ОПЕК Россияга ташкилотга аъзо бўлишни таклиф қилди, бироқ Россия кузатувчи бўлиб қолишни маъқул кўрмоқда. Бу ҳақда Сингапурда бўлиб ўтаётган FT Commodities конференцияси чоғида "Роснефть" раҳбари Игорь Сечин маълум қилган.
"ОПЕК ва Россия ўртасида бўлиб ўтаётган музокаралар фикр алмашиш учун етарлича ижобий руҳда кечмоқда. ОПЕК Россияга ташкилот аъзоси бўлишни таклиф қилди", – деди Сечин.
У ОПЕК мамлакатларида нефть қазиб олиш давлат компаниялари иши ҳисобланиши, “Россия нефть саноати эса хусусий бўлиб, бу ҳолат ОПЕК аъзолари учун хос эмас”лигини таъкидлади. Сечин, шунингдек, иқлимий ўзига хосликлар сабаб Россия нефть қазиб олишни тезда ўзгартира олмаслигини айтиб ўтди.
“Россия ҳукумати қазиб олиш шароитлари ва мулкка эгаликнинг турлича эканини ҳисобга олган ҳолда ОПЕКда кузатувчи мақомида қолишга маъқул топди”, – деди Сечин.
"Роснефть" раҳбари сўнгги вақтларда ОПЕКнинг бозорни назорат қилиш вазифаси ўз кучини йўқотган, деб ҳисоблайди. “Россиянинг бундай ташкилотга аъзо бўлишида маъно йўқ”, – деди Сечин.