08:20 / 15.09.2015
2473

Ҳиндистон авиакомпанияси ортиқча вазнга эга 125 нафар ходимини парвозлардан четлатадиган бўлди

Ҳиндистоннинг Air India авиакомпанияси ортиқча вазнга эга 125 нафар ходимини парвозлардан четлатадиган бўлди. Бу ҳақда The Times of India нашри хабар бермоқда.

Бундай қарор Фуқаролик авиацияси бош бошқармаси тавсияларидан келиб чиқиб қабул қилинди: янги қоидаларга кўра, ҳаддан ортиқ вазнга эга одамларга стюард ёки стюардессалар бўлиб ишлаш ман этилади. 

“600 ходимдан тахминан 125 нафари ўзларининг вазнларини ажратилган вақт давомида меъёрга келтира олмадилар”, деб айтди авиакомпания вакили. Вазни оғир ходимларга ўзларининг қоматларини меъёрга келтириб олиш учун 1,5 йил вақт берилган эди. Керакли кўрсаткичларга эриша олмаган ходимларга парвозлар билан боғлиқ бўлмаган иш берилади ёки улар ишдан бўшатилади.

Нашрда таъкидланишича, оғир вазнга эга ходим ўз мажбуриятларини бажаришга “вақтинчалик яроқсиз” деб топилади ва вазиятни ўнглаш учун унга яна 3 ой муҳлат берилади. Эркаклар ўз вазнларини 18-25 тана вазни индексига, аёллар эса 18-22 га келтиришлари лозим.

Тана вазни индекси одамнинг бўйи ва вазнини қиёслаш ва унинг вазни етарлича эмаслиги, меъёрдалиги ёки ортиқча эканлигини баҳолашга имкон берувчи кўрсаткич ҳисобланади. Кўрсаткич тананинг килограммлардаги қийматини метрларда ҳисобланган бўйнинг квадратга оширилган қийматига бўлиш билан аниқланади.

Top