08:41 / 18.09.2015
5310

Гарвардда 2015 йилнинг Шнобель мукофотлари топширилди

АҚШнинг Гарвард университетида анъанавий тарзда ҳар йили ўтказилувчи, “аввал кулгуни қистатувчи, кейинроқ эса фикрлашга ундовчи аксилнобель мукофоти – Шнобель мукофотлари 25-бор топширилди. 

Бу йили совриндорлардан ҳар бирига анчагина катта мукофот пули – 10 трлн зимбабве долларига (улкан даражада қадрсизланиб кетгани учун муомаладан чиқарилган) чек берилди.

Кимё бўйича Шнобель мукофоти қайнатилган товуқ тухумларини яна қайта хом тухумга айлантириш усулини кашф қилган олимларга топширилди.

Физика бўйича антимукофот сут эмизувчиларнинг ўлчами уларнинг сийдик чиқаришларига кетадиган вақтга боғлиқмаслигини исботлаган америкалик олимларга топширилди.

Адабиёт бўйича мукофот бир-бири билан қардош бўлмаган камида ўнта тилда “а?” ундов сўзи суҳбатдошидан қайта сўраб мурожаат қилинишини исботлаган мутахассисларга топширилди.

Иқтисодиёт бўйича мукофот пора олишни рад этган полициячиларга мукофот беришни таклиф қилган Бангкок полициясига топширилди.

Тиббиёт соҳасида бу мукофот бўса олиш билан у ёки бу кўринишда боғлиқ бўлган зиён ва фойдаларни тадқиқ қилган муаллифларга топширилди.

Шунингдек, мукофот Марокаш султони Исмоил 888 нафар фарзанд кўриш учун 32 йил давомида ҳар куни жинсий алоқа билан шуғуллана олганини ҳисоблаб чиққан олимларга топширилди.

Биология соҳасидаги мукофот АҚШлик ва чилилик олимлар агар товуққа дум протези уланса, у динозавр каби юра олишини аниқлаган биологларга топширилди.

“Тиббий ташхис” соҳасидаги Шнобель мукофоти йўлда машиналар тезлигини пасайтириш учун атайлаб йўлнинг эни бўйича ётқазиладиган дўнгликлардан ўтишда қориндаги оғриқларнинг сезилиши ўткир аппендицит борлигидан дарак беришини очган олимларга топширилди.

Ниҳоят, психология ва энтомология йўналишидаги мукофот қандай ҳашаротларнинг чақишлари энг оғриқли бўлиши ва одамнинг қайси соҳалари бундай чақишларга кўпроқ сезувчан эканлигини аниқлашга муваффақ бўлган олимларга берилди.

Top