11:42 / 22.09.2015
3648

22 сентябрь - Бутун дунёда автомобилсиз кун

Жорий йилда ҳам анъанага кўра дунёнинг кўплаб мамлакатларида 22 сентябрь Бутун дунё автомобилсизлик куни сифатида нишонланмоқда.

"Бутун дунё автомобилсизлик куни" халқаро даражадаги тадбир сифатида бутун дунё жамоатчилигини атроф-муҳитнинг заҳарланишига қарши бир кунга автомобил ҳайдамасликка чақиради.

Ташкилотчилар кишиларга бошқа муқобил воситалар, велосипед, метро, трамвай ва автобус каби транспорт воситаларидан фойдаланишни тавсия қилишади.

Маълумот учун, илк марта 1973 йилда Швейцарияда бу кун нишонланган, ўшанда мамлакат ҳукумати ёқилғи етишмовчилиги туфайли аҳолидан 4 кун давомида автомобиллардан фойдаланмасликни сўраган.

Кейинги ўн йилликларда Европанинг кўплаб давлатларида бу акция кичик миқёсларда давом эттирилди.

1997 йилда Буюк Британияда, 1998 йилда эса Францияда илк марта бу кунни "Бутун дунёда автомобилсиз кун" сифатида нишонлаш бошланди. Франциядаги тадбирлар мамлакатнинг 20дан ортиқ шаҳарларида ўтказилганди.

2001 йилдан эса бундай ташаббусларга дунёнинг 31 мамлакатидан минглаб шаҳарлар қўшилди.

2002 йилда Еврокомиссия ҳар йили 16-22 сентябрь кунларида "Европа мобил ҳафталиги" (The European Mobility Week) ўтказишни жорий қилди.

Бугунга келиб, бундай тадбирлар 1500 мингдан ортиқ шаҳардаги 100 миллиондан ортиқ кишини қамраб олади.

Top