00:06 / 22.09.2015
6303

Тошкентлик фермер куёвини пичоқлаб қўйиб, 10 йилга қамалди

Тошкент вилоятидаги фермер хўжаликларидан бирида ишлаб келаётган Ғофур Худоёров маст ҳолда куёви Ҳасанни ўлдириб қўйгани учун 10 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ оламида” газетаси ёзмоқда.

Айтилишича, шу фермер хўжалигида чўпонлик билан шуғулланиб келган Ҳасан Гулчеҳра исмли қизга ошиқ бўлган, лекин қизнинг бу муносабатлардан норози бўлган отаси уни бошқа қишлоққа узатиб юборган. Шунда Ҳасан акасининг дўсти Ғофурнинг синглиси Мастурага уйланган.

Аммо уларнинг оилалари тинч бўлмай, Ҳасан доим маст юрар, жанжал кўтарар эди. Айниқса, Гулчеҳра ажралиб, отасининг уйига қайтгач, Ҳасан оиласидан деярли хабар олмай қўйган ва Гулчеҳра билан янгитдан муносабатларга киришган. Ҳатто рафиқаси билан бирга яшамаслик учун қизи билан фермер хўжалигининг шийпонида яшай бошлаган.

Бир куни қайноғаси Ғофур билан ароқ ичиб, эски дардларини ёдга олган. Қариндошлар ўртасида баҳс келиб чиққан, у тезда даҳанаки жангга, сўнг чинакам муштлашувга айланган. Ҳасандан 10 ёш катта бўлган Ғофур куёвига кучи етмаслигини тушуниб, уйга кириб кетган ва қўйнига пичоқ яшириб чиққан. Ҳасан унга ташланганидан бўйнидан пичоқ еган. Воқеани Ҳасаннинг қизи, Ғофурнинг жияни кузатиб турган, аммо маст эркакларни ажратишга ожизлик қилган.

Ҳасан ҳушига келмай, туман касалхонасида оламдан ўтди. Ғофур Худоёров эса Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-бандига кўра судланиб, кейинги 10 йил умрини қамоқда ўтказадиган бўлди.

Top