Жамият | 19:22 / 28.09.2015
7479
2 дақиқада ўқилади

Янги “Бонд”ни тасвирга олишда йўқотилган машиналар нархи рекорд ўрнатди

Жеймс Бонд ҳақида олинган янги «007: Спектр» фильмида уни тасвирга олиш вақтида йўқотилган автомобиллар нархи бўйича рекорд ўрнатилди. Бу ҳақда The Daily Mail нашри франшизадаги мураккаб трюклар бўйича бош координатор Гари Пауэлл берган маълумотга асосланиб хабар қилди.

“Италияда ишлаш вақтида биз қиймати бир миллион фунт турувчи кўплаб машиналарни уриб пачоқладик. Ватикандаги қувишмалар саҳнасида эса машиналар соатига 180 километр тезликда ҳаракатланди. Биз тасвирларни бутун тун бўйи олдик ва натижада 4 сониялик видео ҳосил бўлди”, - деди Пауэлл. Йўқотилган машиналарнинг умумий қиймати 22 миллион фунт стерлингни ташкил қилди. Картина бюджети эса 200 миллион фунтдан иборат.

Мазкур фильм учун ҳайдовчи ўриндиғи катапульта қилинадиган 10та Aston Martin DB10 автомобиллари ясалди. Уларнинг 7таси фильмни тасвирга олиш вақтида пачоқ қилинди.

Мазкур фильмнинг дунё бўйлаб намойиши 2015 йил 26 октябрь куни бўлиб ўтади.