09:37 / 29.09.2015
1985

Фаластин суриялик қочқинларни қабул қилишга тайёрлигини маълум қилди

Фаластин суриялик қочқинларни қабул қилишга тайёр, бироқ уларни бошқа давлатларнинг ёрдамисиз барча зарурий нарсалар билан таъминлай олмайди. Бу ҳақда Фаластин Давлати ташқи ишлар вазири Риёд ал-Маликий 28 сентябрда “Russian Today” телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.

“Биз Сурия ва Ливандан қочқинларни қабул қилиш истагимиз ҳақида айтганмиз. Энди Суриядаги ва айниқса “ИШИД” жангарилари томонидан босиб олинган Ярмукдаги фаластинлик қочқинлар лагеридаги вазият кескинлашганда, бу ҳақиқатда бизнинг мажбуриятимиз, бурчимиз бўлмоқда. Ўрта Ер денгизига чиқиб, Европага бориш ёки йўлда ҳалок бўлишдан кўра, қочқинлар Фаластинда қабул қилингани анча яхшироқдир”, деб айтди Ал-Маликий.

Ал-Маликийнинг айтишича, бироқ Фаластинда қочқинларни барча зарурий нарсалар билан таъминлаш учун етарлича маблағ мавжуд эмас. Бу масалада мамлакат бошқа давлатларнинг кўмагига умид билдирмоқда. “Биз уларни қабул қилиш учун воситаларга эга эмасмиз. Бироқ халқаро ҳамжамият бизга ёрдам беришига умил билдирамиз. Европа Иттифоқи қочқинларни ўз давлатларида жойлаштириш учун сарфлаётган пуллар қочқинларни Фаластинда жойлаштириш учун сарфланиши мумкин эди”, деб таъкидлаб ўтди Ал-Маликий.

Top