10:55 / 30.09.2015
2231

Иордания қочқинларни қабул қилиш бўйича ўз имкониятлари чегарасига етиб келганини маълум қилди

Иордания ва Ливанга қочқинларни ўз ҳудудига жойлаштириши учун қўшимча молиявий ёрдам кўрсатилмаса ёки қарз олиш учун имтиёзли шартлар тақдим этилмаса, Европа ва дунёнинг бошқа ҳудудлари муҳожирлар оқимининг янги тўлқинига дуч келиши мумкин. Бу ҳақда 29 сентябрь куни Ҳошимийлар Қироллигининг Режалаштириш ва халқаро ҳамкорлик вазири Имад Нажиб Фахурий журналистларга ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Федерика Могерини билан бўлиб ўтган ёпиқ учрашув якунлари юзасидан маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Иордания Дамашқ ва қуролли мухолифат ўртасида можоралар бошланганидан буён 1,4 млн сурияликка ёрдам кўрсатиш бўйича “ўз имкониятлари чегарасига етиб келди”.

“Биз халқаро ҳамжамиятдан Иорданияга қочқинларга халқаро ҳамжамият номидан ёрдам кўрсатишда давом этиши учун қўллаб-қувватлаш ҳажмини оширишни сўраймиз”, - дея қайд этди вазир.

Унинг сўзларига кўра, мазкур ишларни давом эттириш учун Иорданияда манбалар етарли эмас. “Биз бу ишларни етарли даражада адо эта олмасак, келгусида янада яхшироқ жойларни топиш илинжида Европа ва дунёнинг бошқа ҳудудлари сари хатарли сафарга йўл олган муҳожирлар оқимининг янги тўлқини вужудга келади”, -дея огоҳлантирди Фахурий.

Айни пайтда Иордания томонидан ва БМТ орқали мамлакатдаги қочқинлар лагерларига ажратилаётган маблағлар мутлақо етарли эмас.

“Иорданиядаги 1,4 млн сурияликларнинг 92 фоизи айни пайтда қочқинлар лагерида эмас, балки улар шаҳарлар ва қишлоқлар бўйлаб бўлиб юборилган. Шунинг учун кимдир Суриядаги қочқинлар лагерларига ёрдам кўрсатдик, деса, улар кўмакка муҳтожларнинг фақатгина 8 фоизига мадад берган бўлади”, - дея таъкидлаб ўтди вазир.

Top