14:38 / 30.09.2015
9047

Ўзбек олимлари гриппга қарши янги препарат яратишди

Ўзбекистон Фанлар академиясининг Биоорганик кимё институти мутахассислари томонидан ўткир вирусли касалликларга қарши «рутан» номли янги таблетка яратилиб, етакчи клиникаларда муваффақиятли синовдан ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар берган.

Ўзбек олимлари (Ш.Солиҳов, Н.Абдуллажонова, С.Мавлонов, А.Тўраев) яратган «рутан» препарати таъсирида организмда интерферонлар ҳосил бўлади ва улар вирусга қарши курашади. Мазкур таблетка 6 ёшдан ошган болалар ва катталарга грипп ҳамда ўткир вирусли респиратор касалликларнинг олдини олиш, даволаш мақсадида тавсия этилади. Профилактика учун препаратни инфекция кенг тарқалган вақтда, хусусан, беморлар билан мулоқотдан сўнг қўллаш ҳам мумкин. Мазкур дори воситаси Тошкент тиббиёт академияси, Тошкентдаги 1-шаҳар шифохонасида синовдан муваффақиятли ўтказилгач, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш бошқармаси томонидан амалиётда қўлланилиши учун рухсат берилди.

Мазкур дори воситаси клиник тажрибадан тўлиқ ўтказилиб, Ўзбекистон Республикаси патенти билан ҳимояланди ва мамлакатимиздаги фармацевтик корхоналар томонидан ишлаб чиқарилмоқда.

“Рутан” таблеткаси тотум ўсимлиги баргларидан яратилди. Дори гриппнинг А-H3N2, H1N1 ва B(01), (03) группа штаммларига нисбатан самарали таъсирга эга.

Ҳозирги пайтда олимлар томонидан ушбу дори воситасининг нафақат грипп (барча тегишли ҳужжатлар олиниб, сотувга чиқарилган), балки бошқа вирус турларига қарши (гепатит, кўз вируслари ва бошқалар) шакллари ўрганилмоқда.

Top