18:50 / 05.10.2015
6047

АҚШда “мингйиллик сув тошқини”

5 октябрь куни АҚШнинг Жанубий Каролина штатида мактаблар ва йирик автомобиль йўллари ёпилди. Бунга Атлантикада пайдо бўлган “Хоакин” тўйфони келтириб чиқарган тинимсиз ёмғирлар натижасида вужудга келган йирик сув тошқинлари сабаб бўлди. Расмий маълумотларга кўра, штатдаги туманлардан бирида ёғингарчилик миқдори бир суткада 450 миллиметрни ташкил этган.

Штат губернатори Никки Хейли журналистлар олдида сўзга чиқиб, бундай сув тошқинлари минтақада минг йилда бир бўлишини айтиб, аҳолини ўз уйларидан заруратсиз чиқмасликка чақирди. Айни пайтда табиий офат натижасида ҳалок бўлганлар сони олти нафарга етган. Уларнинг беш нафари штатнинг сув билан тўлган йўлларида содир бўлган авариялар натижасида ҳаётдан кўз юмишди.

Юз нафардан зиёд киши Жанубий Каролина йўлларида қолиб кетган автомобиллар ичидан эвакуация қилинди. Ҳудуддаги минг нафардан зиёд аҳоли эса электр таъминотисиз қолган. Чарлстоннинг тарихий қисмида кўчалар сув остида қолган бўлиб, айрим бинолар қум тўлдирилган қоплар ёрдамида табиий офатдан ҳимоя қилинмоқда.
3 октябрь куни АҚШ президенти Барак Обама штат ҳудудида фавқулодда ҳолат эълон қилиб, Жанубий Каролина штати раҳбариятига табиий офатга қарши кураш учун федераль ёрдам олиш имконини туғдирди.

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда профессионал журналистлар ва сув остида қолган минтақа аҳолиси томонидан олинган юзлаб фотосуратлар ва видеороликлар эълон қилинмоқда.

Top