16:40 / 05.10.2015
5825

Челябинсклик ўсмир ўзига компьютер ўйнашни тақиқлаган онасини ўлдирди ва отасини жароҳатлади

Россиянинг Челябинск вилоятидаги Тургояк шаҳарчасида яшовчи 15 ёшли ўсмир ўз оиласидагиларга пичоқ билан ҳужум қилди. Бу ҳодисага ота-она томонидан унга World of Warcraft номли компьютер ўйини тақиқлангани сабаб бўлган.

Тергов маълумотларига кўра, Антон исмли ушбу ўсмир шаҳарча четидаги кўл қирғоғида қонга беланган аҳволда ушланган.

Аниқланишича, у мактабдан 2 баҳо олиб қайтгач, ота-она уни жазолаш мақсадида компьютер ўйнашни ман қилиб қўйган.

Шундан сўнг, у ошхона пичоғини қўлига олган ва ўз онасига ҳалокатли зарбалар бериб, отасини қаттиқ жароҳатлаган.
У ўзининг нима қилиб қўйганини англагач эса ўзини чўктириш мақсадида кўлга қараб йўл олган.

"15 ёшли ўсмирга нисбатан "Қотиллик" моддаси бўйича жиноий иш очилди. Терговда аниқланишича, 2015 йилнинг 4 октябрь куни Миассадаги уйлардан бирида маиший жанжал юз берган ва гумондор шахс ўз онасига пичоқ билан ўлимга олиб келувчи зарбалар берган ҳамда ўз отасини жароҳатлаган.
Айни вақтда далиллар йиғилмоқда. Тергов жараёни давом этмоқда", дейилади Россия Тергов Қўмитасининг Челябинск вилояти бўйича бўлими хабарида.

Айни вақтда ўсмирнинг иккинчи жабрланувчиси бўлмиш ота шифохонада оғир аҳволда қолмоқда.

Қайд этилишича, бу воқеадан олдин ушбу ўсмир мактабдаги энг аълочи ва одобли ўқувчилардан бири бўлган.

Top