Ўзбекистон | 23:17 / 08.10.2015
16538
9 дақиқада ўқилади

Президентлар музокаралар ўтказишди ва Тошкент бўйлаб саёҳат қилишди

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 7 октябрь куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келди.

Ташрифнинг асосий тадбирлари 8 октябрь куни бўлиб ўтди.

УзА хабарига кўра, Кўксарой қароргоҳида Туркманистон Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтган. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ислом Каримов ва Гурбангули Бердимуҳамедов шоҳсупага кўтарилдилар. Икки мамлакат давлат мадҳиялари янгради. Президентлар фахрий қоровул сафи олдидан ўтишди.

Ислом Каримов ва Гурбангули Бердимуҳамедов тор доирадаги музокаралар чоғида мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама этдилар, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Президентимиз Туркманистон раҳбарининг ушбу ташрифи мамлакатларимиз муносабатлари тарихида муҳим сиёсий воқеа, яхши қўшничиликка асосланган ҳамкорлигимиз изчил ривожланиб бораётганининг далолати эканини таъкидлади.

Туркманистон Президенти давлатимиз раҳбарига таклиф учун миннатдорлик билдириб, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда муттасил тараққий этаётганини мамнуният билан қайд этди.

Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги муносабатлар ўзаро ишонч, манфаатларни ҳурмат қилиш, халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаш тамойиллари асосида ривожланмоқда. Глобал ва минтақавий аҳамиятга молик барча долзарб масалалар бўйича томонларнинг позициялари ўхшаш ёки яқиндир. Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланади. Туркманистоннинг ташқи сиёсати бетарафлик, тинчликсеварлик, яхши қўшничилик тамойилларига қурилган.

Ўзбекистон ва Туркманистон қўшни Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишига салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.

Икки давлат раҳбарлари Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашар экан, Афғонистонда ҳарбий куч ишлатиш йўли билан тинчлик ўрнатиб бўлмаслигини яна бир бор таъкидладилар. Терроризм, уюшган жиноятчилик, наркотрафик каби таҳдидларга қарши курашиш борасидаги ҳамкорликка доир масалаларни ҳам муҳокама этдилар.

Мамлакатларимиз трансчегаравий дарёлар сувидан фойдаланиш борасида ҳам бир хил ёндашувга эга. Сув-энергетика соҳасига оид масалалар халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёр ва тамойиллари асосида, минтақадаги барча давлатлар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, халқаро ташкилотлар иштирокида кўриб чиқилиши зарурлиги таъкидланди. Трансчегаравий дарёларда йирик гидроэнергетика иншоотлари қуриш масалаларига БМТнинг тегишли конвенциялари талабларига тўла риоя қилган ҳолда ёндашиш лозимлиги қайд этилди.

Давлат раҳбарлари мулоқотни икки мамлакат расмий делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокарасида давом эттирдилар. Унда савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми изчил ўсиб бормоқда. Кейинги олти йилда бу кўрсаткич 3 баробар ўсиб, 2014 йил якунларига кўра 413 миллион долларни, жорий йилнинг январь-август ойларида 245 миллион долларни ташкил этди. Ўзбекистондан Туркманистонга транспорт воситалари, минерал ўғитлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, қурилиш материаллари, электр ва механика ускуналари, металл буюмлар ва турли соҳадаги хизматлар экспорт қилинади. Туркманистондан юртимизга нефть маҳсулотлари, пропилен полимерлари ва бошқа кимёвий товарлар келтирилади.

Ўзбекистон ва Туркманистоннинг иқтисодий салоҳияти ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш имконини беради. 2012 йилда имзоланган Ўзаро етказиб бериш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим ҳамда 2013-2017 йилларга мўлжалланган Иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги шартномага мувофиқ ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш ва уни диверсификация қилиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳукуматлараро тадбирлар, ишбилармон доиралар ўртасидаги учрашувлар алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг август ойида Ашхободда ўтказилган Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Туркманистон ҳукуматлараро комиссияси йиғилиши савдо-иқтисодий алоқалар мустаҳкамланишида яна бир муҳим қадам бўлди.

Транспорт соҳаси ҳамкорликнинг яна бир устувор йўналишидир. Ўзбекистон ҳудуди орқали Туркманистонга, Туркманистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга юк ташилади. Мамлакатларимизнинг ўзаро интеграциялашган автомобиль ва темир йўллари учинчи давлатлар учун ҳам транзит вазифасини ўтамоқда. Шу жиҳатдан Президентимиз Ислом Каримов ташаббусининг амалий ифодаси бўлган Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Ўмон янги халқаро транспорт-коммуникация коридорини барпо этиш бўйича 2011 йили имзоланган битим геостратегик аҳамиятга эгадир.

Ўзбекистон ҳам, Туркманистон ҳам углеводород ресурсларига бой. Уларни экспорт қилиш ўзаро мувофиқ ҳаракат қилишни талаб этади. Ана шундай яқин ҳамкорлик мамлакатларимиз учун энергетика йўналишларини диверсификация қилиш ва жаҳон бозорларига чиқиш борасида кенг имкониятлар яратмоқда. 2009 йилда ишга тушган ва тобора кенгайиб бораётган Туркманистон – Ўзбекистон – Қозоғистон – Хитой газ қувури бунинг ёрқин мисолидир.

Музокарада савдо айланмаси ҳажмини ошириш, қўшма корхоналарни кўпайтириш, тадбиркорларнинг тўғридан-тўғри ҳамкорлигини ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Ўзбек ва туркман халқларининг тарихи ва маданияти муштарак, урф-одат ва анъаналари ўхшаш. Аждодларимизнинг илмий-ижодий мероси халқларимизнинг умумий мулкига айланган. Бу яқинлик маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик ривожига мустаҳкам асос бўлмоқда. Маданият соҳасида 2014-2016 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури доирасида икки мамлакат спортчилари, маданият ва санъат намояндалари Ўзбекистон ва Туркманистонда ўтказиладиган турли концертлар, фестиваль ва кўргазмалар, спорт мусобақаларида фаол иштирок этмоқда.

Илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик ҳам юксалмоқда. Олимларимиз биргаликда қишлоқ хўжалиги, нефть кимёси ва бошқа соҳаларда изланишлар олиб бормоқда.

Мамлакатларимиз сайёҳлик соҳасида ҳам улкан имкониятларга эга. “Буюк ипак йўли” лойиҳаси доирасида ўзаро боғланган саёҳатлар ташкил этилмоқда. Сентябрь ойида Туркманбоши шаҳрида ўтказилган “Сайёҳлик ва саёҳат” халқаро кўргазмаси ва конференциясида мамлакатимиз вакиллари иштирок этди. Куни кеча пойтахтимизда бўлиб ўтган “Ипак йўлида туризм” ХХI Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркасида Туркманистон фирма ва компаниялари ўзбекистонлик ҳамкасблари билан бу борадаги алоқаларни кенгайтириш, биргаликда саёҳатлар ташкил этиш бўйича келишувларга эришди.

Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Қўшма баёнотни имзоладилар. Икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари ўртасида иқтисодиёт, транспорт, божхона, туризм, фан-техника, соғлиқни сақлаш ва спорт соҳаларидаги алоқаларни изчил ривожлантиришга доир қатор ҳужжатлар имзоланди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Президентлар ушбу ташриф ўзаро ҳурмат, ишонч ва манфаатдорликка асосланган олий даражадаги самарали мулоқотнинг давоми бўлганини, икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалаларини муҳокама этиш, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик муаммолар юзасидан фикр алмашиш учун қулай фурсат яратганини таъкидладилар. Музокаралар очиқлик, ўзаро англашув ва ҳамжиҳатлик руҳида ўтгани, имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон ва Туркманистон халқлари манфаатлари йўлидаги серқирра ва дўстона муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилиши қайд этилди.

Куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Мустақиллик майдонига ташриф буюрдилар. Олий мартабали меҳмон ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди. Гурбангули Бердимуҳамедов бу майдондаги доимий яшиллик ва мўътадиллик Ўзбекистондаги тинчлик ва фаровонлик, бутун мамлакатда амалга оширилаётган бунёдкорликдан дарак беришини таъкидлади. Туркманистон Президенти Хотира майдони билан ҳам танишди.

Икки давлат раҳбарлари “Бунёдкор” стадионини бориб кўрдилар. Ушбу мажмуанинг кўрку салобати, меъморий ечими, спортчилар ва томошабинлар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар олий мартабали меҳмонда катта таассурот қолдирди.

Президентлар пойтахтимизда бунёд этилган “Минор” масжидига ташриф буюрди. Гурбангули Бердимуҳамедов масжид миллий ва замонавий архитектура анъаналарини ўзида мужассам этганини таъкидлади.