11:44 / 12.10.2015
5296

Экстремистларнинг қамоқдан қочиши сабабли Бишкекдаги муҳим объектлар хавфсизлиги кучайтирилди

Қирғизистон бош вазири Бишкекдаги барча стратегик муҳим объектлар кучайтирилган ҳимоя остига олиниши тўғрисида топшириқ берди. Бу ҳақда Темир Сариев 12 октябрь куни ҳукуматда ўтказилган фавқулодда йиғилишда маълум қилди.

12 октябрга ўтар кечаси Қирғизистоннинг Чуй вилояти Жанубий Норус қишлоғида жойлашган 50- сонли тергов изоляторидан терроризмда айбланиб қамоққа олинган 9 нафар маҳбус уч соқчини ўлдириб, қочиб кетишди. Қочиш вақтида улар Жазони ижро этиш давлат хизмати ходими ва судланганлардан бирини ҳам жароҳатлашди. Шу муносабат билан Республикада “Қўлга олиш” режаси амалга оширилмоқда, полициячилар қирғиз-қозоқ чегараси яқинидаги қишлоқларнинг бирида қочқиндаги жиноятчиларнинг беш нафарини қўлга олди, тўрт нафари эса ҳамон озодликда.

Қайд этилишича, озодликдаги жиноятчиларнинг икки нафари умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган бўлса, қолган иккиси устидан суд жараёни бўлиб ўтаётган эди. Уларнинг барчаси диний экстремизм ва терроризмда айбланиб, жазога тортилган. Шу билан бирга, озодликдаги маҳбусларнинг уч нафари 2011 йилда Бишкекда қўлга олинган бўлиб, улар “Жайшул-Маҳдий” радикал гуруҳи аъзолари ҳисобланишган. Жумладан, муқаддам мамлакат парламенти депутати Санжар Қодиралиевни ўлдирганликда айбдор деб топилган Алтинбек Итибаев (1977) 16 июль куни Бишкек шаҳрида ўтказилган аксилтеррор операцияси чоғида мусулмонлар байрами куни Бишкек марказий ҳиёбонида теракт содир этишга тайёргарлик кўргани учун қўлга олинган. Эдил Абдураҳмонов (1986) Бишкек шаҳридаги спорт саройи қаршисида портлашни содир этганлик, шунингдек, ИИВ ходимини ўлдирганликда айбланган. Дониёр Қодиралиев (1976) эса 2013 йилда "Жайшул Маҳдий" террористик гуруҳининг Қирғизистон бўлимида фаолият олиб боргани учун қўлга олиниб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Яна бир террорчи Азамат Мусуралиев (1987) ҳам "Жайшул Маҳдий" террористик гуруҳининг фаол аъзоси сифатида ҳибсга олинган.

Мазкур террористик гуруҳ аъзолари мамлакатда давлат тузумини ўзгартириш, ҳудудда ислом ҳалифалигини ўрнатишни мақсад қилиб, Қирғизистонда қуролли жиҳод эълон қилиш тўғрисида содиқлик қасамини ичишган. Шу мақсадда давлат ташкилотлари ва чет эл давлатлари элчихоналари яқинида портлашларни амалга оширишни режалаштиришган.

Top