15:45 / 17.10.2015
5350

Андижон орқали Қирғизистонга олиб борувчи кўприк таъмирланди

Гулистон–Бўка–Ангрен–Қўқон ва Андижон орқали қўшни Қирғизистон Республикасининг Ўш шаҳрига олиб борувчи автомобиль йўлининг Фарғона ҳалқа йўли билан туташмаси, яъни Андижон халқаро аэропорти рўпарасидаги транспорт ечими, кўприк таъмирланди. Бу ҳақда telegraf нашри хабар берган.

40 йил олдин қурилган, умумий узунлиги 420 метр бўлган мазкур кўприкнинг кенглиги 12,5 метр бўлиб, таъмирдан сўнг 24 метрга етказилди. Жумладан, 912 дона темир-бетон қозиқлар қоқилди, 24 жуфт таянч устунлари ва ригеллар, 175 дона 16,7 пм узунликдаги балкалар, 840 пм темир бетон ғилдирак қайтаргичлар ўрнатилди. 1700 м.куб бетонлаш ишлари бажарилди. 1500 тонна асфальт қоплама ётқизилди. Ҳар икки ёнбошидаги пиёдалар йўлакчалари юриш учун қулай ҳолатга келтирилди. Замонавий ёритгичлар ўрнатилди.

Мазкур иншоотнинг умумий лойиҳа қиймати 24,3 миллиард сўм қилиб белгиланганди. «Зиё капитал қурилиш» МЧЖ қурувчилари таъмирлашни 22,4 миллиард сўм қийматда якунлашди.

2013 йилнинг август ойида бошланган таъмирлаш ишларининг фойдаланишга топширилиш муддати шу йилнинг 15 декабрида эди. Қурувчилар таъмирни муддатидан илгари якунлаб, 1 ноябрда элга тортиқ қилишмоқчи.

Top