Жамият | 20:56 / 28.10.2015
3038
2 дақиқада ўқилади

2015 йилнинг 9 ойида 9800 нафардан зиёд уруш ва меҳнат фронти фахрийлари санаторияларда соғломлаштирилди

2015 йил 28 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан “Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан 2015 йилнинг январь-сентябрь ойларида аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва иш билан таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Ижтимоий муҳофаза борасида амалга оширилган ишларга тўхталар экан, Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш чора-тадбирлари мониторинги ва таҳлили бошқармаси бошлиғи Баходир Шарапов, туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари томонидан, жорий йил 17,0 минг нафардан зиёд ёлғиз кекса, пенсионер ва ногиронлар рўйхатга олиниб, улардан 4 минг нафардан зиёди ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерлар сифатида рўйхатга олингани, улар ҳар ойда бепул 9 турдаги маҳсулотлар билан, 2015 йил 1 сентябрдан эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 10 августдаги “Кексалар ва ногиронларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 237-сон қарорига асосан 15 турдаги маҳсулотлар билан таъминланмоқда.

Ёлғиз кекса, пенсионер ва ногиронлардан 16 минг нафари уйида ижтимоий хизмат кўрсатишга муҳтож деб топилиб, уларга 2 минг нафардан зиёд ижтимоий ходимлар бириктирилиб, уйида ижтимоий хизмат кўрсатиш билан тўлиқ қамраб олинган. 1941-1945 йиллар уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига 9800 нафардан зиёд уруш ва меҳнат фронти фахрийлари санаторияларда соғломлаштирилди. Ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан 613 мингта оилаларга ижтимоий нафақалар тайинланди. Шундан 194 мингта оилага 2 ёшгача бола тарбияси учун, 364 мингта вояга етмаган фарзандлар учун, 55 мингта кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинланди.

Ногиронларни реабилитация техник воситалари билан таъминлаш мақсадида 2040 нафар имконияти чекланган фуқаролар ногиронлар аравачаси, 827 нафари эшитиш мосламаси, 1603 нафари ҳасса ва 959 нафари қўлтиқтаёқ билан таъминланди.