Жамият | 11:28 / 28.10.2015
4613
2 дақиқада ўқилади

Боливия ҳукумати фуқароларни лама гўштини истеъмол қилишга чақирди

Боливия Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг айрим гўшт маҳсулотларининг инсон саломатлигига салбий таъсири ҳақидаги хулосасини қўллаб-қувватлади. Мол, қўй ва чўчқа гўштига муқобил сифатида вазирлик мамлакат фуқароларига таомларда Марказий Анд минтақасида яшайдиган лама – сут эмизувчилар оиласига мансуб кичик туялар гўштидан фойдаланишни тавсия қилди.

“Бизда таркибида кам ёғ бўлган лама гўшти сингари яхши маҳсулотлар бор. Агарда меъёрида тайёрланса, у организм учун ижобий таъсир кўрсатади”, - деди 27 октябрь куни вазирлик вакили Вики Агилар. У ўз сўзида ҳар қандай маҳсулот меъёридан ортиқча истеъмол қилинса, зарар келтиришини қўшимча қилиб ўтди.

Сўнгги 10 йил ичида ламалар кўплаб машҳур ошпазлар эътиборига тушиб улгурди. Бу мазкур маҳсулот таркибида кўп миқдорда протеин борлиги ва ёғлилик даражаси камлиги билан изоҳланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 27 октябрь куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Саратонни ўрганиш халқаро агентлиги мутахассислари “қизил” гўшт истеъмол қилиш турли саратон касалликларини келтириб чиқариш хавфини оширишини маълум қилган эди. Улар фикрича, гўшт маҳсулотлари ҳамда ошқозоности бези ва простата бези саратони юзага келиши ўртасида ўзаро боғлиқлик бор. Айниқса, мол ёки чўчқа гўштидан қайта ишлаб тайёрланган ветчина (дудланган чўчқа,товуқ ва бошқалар гўшти), сосиска ва солонина (тузда узоқ сақлаш орқали олинган гўшт маҳсулоти)нинг ҳар 50 грамми йўғон ва тўғри ичак саратони ривожланиши хавфини 18 фоизга оширади.