18:44 / 12.11.2015
4697

Ўзбекистонда Ҳабибий таваллудининг 125 йиллиги нишонланди

12 ноябрь куни Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмасида Ўзбекистон халқ шоири Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Ҳабибий (1890-1980) таваллудининг 125 йиллиги нишонланди. Унда таниқли олим ва шоирлар, адабиётшунослар, машҳур санъаткорлар иштирок этдилар.

“Назм ва наво кечаси” деб номланган йиғилишни Ёзувчилар уюшмаси раиси Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Муҳаммад Али олиб борди. Кечада халқ шоирлари Тўлан Низом, Анвар Обиджон, Турсунбой Адашбоев, профессор Наим Каримов, адиба Олмос Ғуломова ва бошқалар сўзга чиқиб, Ҳабибий домланинг ўзбек адабиёти ва маданияти тарихида тутган ўрни тўғрисида гапирдилар. Шунингдек, йиғилишда Ўзбекистон санъат арбоби Темур Маҳмудов бошчилигидаги санъаткорлар Ҳабибий ғазаллари билан куй-ашулалар ижро этдилар. Тадбир қатнашчиларига Ҳабибий домла ҳаётидан ҳикоя қилувчи “Мавлоно Ҳабибий лутфлари” номли китобча тақдим этилди.

Маълумот учун, Ўзбекистон радиоси олтин фондида шоир Ҳабибийнинг 200 дан ортиқ қўшиқлари сақланмоқда. Булардан энг машҳурлари: “Диёримсан”, “Фарғона рубоийси”, “Бўлмаса”, “Яхшироқ”, “Нима бўлдинг” ва бошқалардир.
Искандар Мадғозиев, ЎзМУ талабаси.

Top