08:50 / 14.11.2015
4246

Теракт туфайли Париждаги барча мактаблар ёпиб қўйилди

13 ноябрь куни кечаси Парижда давомли терактлар юз бергач, шаҳардаги барча ўқув муассасалари, Олий ўқув юртлари, коллежлар ва мактаблар фаолияти тўхтатилди.

Охирги маълумотларга кўра, ҳужумлар қурбонлари сони 153 нафарга етган, улардан 112 нафари махсус хизматлар томонидан озод этилган “Батаклан” концерт залида ҳалок бўлган.

Кўплаб одамлар яраланган, эвакуация ишлари олиб борилмоқда. Франция бўйлаб фавқулодда вазият тартиби киритилди, чегара назорати кучга кирди, хавфсизликни таъминлаш мақсадида 1,5 минг ҳарбий сафарбар қилинди.

Бу мамлакат тарихида қайд этилган энг йирик терактга айланди.

Аввалига номаълум шахслар Парижнинг 10-округидаги ресторанлардан бирида отишма содир этган. Кейин "Батаклан" концерт зали гаровга олингани ҳақида хабар пайдо бўлган. У ерда америкалик рок гуруҳи концерт бераётганди.

Бундан ташқари, "Стад де Франс" ўйингоҳи яқинида, Франция ва Германия терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашуви ўтказилаётган вақтда 2-3 марта  портлаш овозлари эшитилган. Бу ўйинни томоша қилиш учун мамлакат президенти Франсуа Олланд ҳам ташриф буюрганди.

Шунингдек, Сенанинг ўнг қирғоғидаги ресторанларда террорчилар томонидан ўт очилган.
Шаҳар мэрияси барча шаҳарликларга тезлик билан ўз уйларига қайтишни тавсия қилган. Париждаги шифохоналар фавқулодда ҳолат режимида ишламоқда.

Ушбу терактлар учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олди.

Top