Фан-техника | 20:03 / 23.11.2015
8219
3 дақиқада ўқилади

Ғайриоддий “вақт машиналари” — Марсдан Титаниккача

Ғайриоддий тарзда ясалган соатлар

Соат ўзига хос қийматга эга бўлиши учун нархи қиммат бўлиши, ўта мураккаб ёки бирор тарихга эга бўлиши шарт эмас. Айрим соатлар ғайриоддий хомашёлардан ясалгани, дизайни ва ички қисмлари туфайли ҳам ўзига хосликка эришиши мумкин. Қуйида швейцар соатларига бемалол рақобатчи бўладиган соатлар билан танишишингиз мумкин.

“Zanis and Co”дан Марс ва Ой чанги бўлган “Nuvati” соати

“Zanis and Co” компанияси томонидан тайёрланган бу соат шунчалик ғайриоддийки, унинг сапфир ойнаси остидаги Марс ва Ой чанги аралашган етмиш дона майда бриллиант бемалол ҳаракатланади. Агар бу соат сизга ёқмаган бўлса, компания каталогида сайёрамизда учрамайдиган хомашёлардан тайёрланган бошқа моделларни кўришингиз мумкин.  

“Cathode Corner”дан “The Nixie Watch” соати 

Бу соат вақтни катталиги ўртача қўл соатидек келадиган лампалар ёрдамида кўрсатади. Неон ва симоб билан тўлдирилган шиша колбалар зарбага дош берадиган корпус ичига жойлашган бўлиб, эгасига ҳеч қандай хавф туғдирмайди. Дарвоқе, “Apple” компанияси ҳаммуассиси Стив Возняк швейцар соатларини сотиб олишга қурби етса-да, нархи 300 доллар турадиган айнан мана шу моделнинг ишқибози ҳисобланади. 

“Fonderie 47”дан “Inversion Principle” соати 

“Fonderie 47” хайрия ташкилоти Марказий Африкада яроқсиз қуролларни сотиб олади ва уларни сувга “айлантиради”. Бунинг учун эса муддатини ўтаб бўлган қурол сотиб олиниб, ундан соат ясалади ва соат сотувидан тушган пул сув тозалаш иншоотларини қуриш учун сарфланади. “Калашников” автоматидан ясалган мана бу соатни сотиб олиш учун 200 минг доллар тўлаш лозим.

“WEWOOD”дан “Alpha Army” соати 

“WEWOOD” компанияси ҳам экологик муаммоларни ҳал этиш билан шуғулланади. Компания ишлаб чиқарган ёғоч корпусли соатлари сотувидан тушган маблағни ўрмонларни қайта тиклашга сарфлайди. Компания фаолият бошлаганига атиги тўрт йил бўлган бўлса-да, 300 минг туп дарахтни кўкартиришга эришди. Бу соатнинг нархи 140 доллар туради.

“Romain Jerome”дан “Liberty-DNA” соати 

“Romain Jerome” компанияси соатларида машҳур Берлин деворидан тортиб “Титаниккача” ва “Apollo 11” космик кемасидан Озодлик ҳайкалигача бўлган тарихий ёдгорликларнинг ДНК зарралари бор. Соатнинг 15 минг доллар туриши ҳам унда ҳақиқатан ДНК борлигини исботлайди. Ҳар бир моделнинг дизайни ҳам маълум бир маълум бир воқелик билан боғлиқ. Масалан, “Liberty-DNA”нинг Озодлик ҳайкалининг бошидаги тожни эслатади.