08:43 / 23.11.2015
2119

Ўзбекистон МСК ва Латвия ўртасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида мемоморандум имзоланди

21 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломовнинг Тошкент шаҳрида 23-24 ноябрь куни бўлиб ўтадиган ҳамда сайлов тизими ва қонунчилигини демократлаштириш, Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар тажрибасига бағишланган халқаро давра суҳбати иштирокчиси сифатида ҳозир бўлган Латвия Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси А.Цимдарс билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати хабар берган.

Учрашув чоғида сайлов органларининг икки томонлама ҳамкорлиги масалалари бўйича фикр алмашилди. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциациясининг тўлақонли аъзоси ҳисобланади. Унинг МДҲ мамлакатлари, Германия, Ҳиндистон, Корея Республикаси, Малайзия сайлов органлари, шунингдек БМТТД, ЕХҲТ, ШҲТ билан ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилган.

Ўзбекистонда ҳам, Латвияда ҳам сайлов институтига алоҳида эътибор қаратилади. Иккала давлатда Марказий сайлов комиссияси мустақил орган сифатида фаолият кўрсатади. Марказий сайлов комиссияларининг ўзаро ҳамкорлиги самарали ва конструктив муносабатлар тусига эга. Ўзбекистон ва Латвия сайлов органларининг вакиллари халқаро ташкилотлар ишида, бошқа мамлакатларда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларини кузатишда иштирок этишади.

Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва Латвия Республикаси Марказий сайлов комиссияси ўртасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандумни имзолаш маросими ўтказилди. Меморандумда сайлов тўғрисидаги қонунчиликни ва сайлов амалиётини такомиллаштириш, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ ахборот, материаллар, тадқиқот натижалари алмашинувига кўмаклашиш, сайловчиларнинг ҳуқуқий маданияти ва фаоллигини юксалтириш соҳасида тажриба алмашиш назарда тутилган.

Ўзбекистон ва Латвия сайлов органларининг ҳамкорлиги тўғрисидаги меморандумни имзолаш маросимида Латвия Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчиси Эдгарс Бондарс, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг масъул ходимлари ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди.

Top