15:19 / 25.11.2015
5827

Ўзбекистон сайёҳлар учун энг хавфсиз мамлакатлар қаторида қайд этилди

2014 йил статистикасига асосланган ҳолда амалга оширилган, сўнгги 15 йил мобайнидаги терроризмнинг жаҳон минтақаларидаги фаоллиги трендлари ҳақидаги “Дунё терроризм индекси” номли баёнотда қайд этилишича, Ўзбекистон сайёҳлар учун энг хавфсиз мамлакатлар қаторида.

Ушбу халқаро баёнот “Иқтисодиёт ва Тинчлик институти” томонидан ишлаб чиқилади ва асосан Терроризмни ўрганиш миллий жамияти томонидан тақдим этилган статистика маълумотларига суяниб тайёрланади. Институт нодавлат нотижорат ташкилот мақомида бўлиб, халқаро ва ҳукуматлараро ташкилотлар билан ҳамкорликда фаолият олиб боради.

Баёнот таҳлиллари жаҳоннинг 162 мамлакатидаги терроризм билан боғлиқ фаолиятнинг ҳолати ва ривожланиш трендларига бағишланган. Ушбу баёнотнинг бу йилги рейтингида Ўзбекистон дунёнинг энг тинч 38 мамлакати қаторидан жой олган ва бу мамлакатларда террорчилик фаолияти мамлакатнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳаётига таъсир кўрсатмайдиган энг тинч мамлакатлар деб юритилади.

Ўзбекистондан ташқари Япония, Жанубий Корея, Финляндия, Польша, Латвия, Сингапур каби мамлакатлар ҳам ушбу рейтинг юқорисидан жой олишган.

Баёнотнинг аҳоли ҳаётига энг катта терроризм таъсири бор мамлакатлар рейтингидан Ироқ, Афғонистон, Нигерия, Покистон ва Сурия қайд этилган.

"Мамлакатнинг хавфсизлиги бу иқтисодий фаолиятнинг ривожланишига бевосита таъсир этувчи омил экани сир эмас. Хусусан чет эллик сайёҳлар сафар олдидан малакатнинг тарихий обидалари, бой маданияти, гўзал табиати, нархлардан ташқари алоҳида эътибор қаратадиган муҳим омиллардан бири бу хавфсизлик саналади. Шу муносабат билан Ўзбекистонга ташриф буюрувчи сайёҳлар сонининг йилдан йилга ошиб бориши бевосита мамлакатимиз тинчлиги билан боғлиқ", деб ёзилади “Ўзбектуризм” МК матбуот хизмати хабарида.

Top