Жамият | 20:35 / 26.11.2015
4984
2 дақиқада ўқилади

Масрур Усмоновнинг “Лафзи ҳалоллар” таронасига ишланган клипи премьераси бўлиб ўтди

Бугун, 26 ноябрь куни ўзбек эстрадаси вакилларидан бири Масрур Усмоновнинг “Лафзи ҳалоллар” таронасига ишланган клип премьераси бўлиб ўтди.
Мазкур клипни тасвирга олиш ишлари Тошкент шаҳридаги Ботаника боғида бўлиб ўтди. Таронанинг сўзи Тоҳир Муҳаммадга тегишли бўлса, мусиқаси хонанда Масрур Усмонов томонидан басталанган.

Клип бир қарашда жуда оддий усулда тасвирга олингандек, бироқ чуқурроқ мушоҳада юритилса, хонанда ўз сўзида турмайдиган, иккиюзламачи кишилардан толиққан ва ёлғиз қолган инсоннинг қиёфасини маҳорат билан гавдалантира олганига гувоҳ бўлиш мумкин.
Хонанданинг айтишича, шеър матни, мусиқа ва унга ишланган клип унинг ғояси асосида яратилган. “Бугун кўча-кўйда айрим лафзи йўқ, ўзини “эркакман” деб юрган қўштирноқ ичидаги кимсаларга дуч келишимиз мумкин, бу ҳолат бошимиздан ҳам ўтиб турибди. Шу сабабли ижодий жамоа билан маслаҳатлашиб, биргаликда меҳнат қилганимиздан сўнг мазкур қўшиқ ва унинг клипи дунёга келди. Умид қиламанки, ушбу таронани тинглаган айрим кишилар керакли хулосани чиқариб, қатъиятлироқ бўлишга ҳаракат қилади”, - деди Масрур Усмонов.