20:27 / 03.12.2015
4741

Меҳнат вазирлиги: Ўзбекистонда 30 ноябрдан 30 декабргача меҳр-мурувват ойлиги ўтказилади

Ўзбекистонда “3-декабрь - Халқаро ногиронлар куни” муносабати билан 2015 йилнинг 30 ноябридан 30 декабрига қадар мехр-мурувват ойлиги ўтказилади. Бу ҳақда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг Ахборот хизмати Kun.uz сайтига хабар қилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлис баёнига биноан “3-декабрь - Халқаро ногиронлар куни”ни ўтказиш бўйича Ташкилий қўмита таркиби ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказиладиган чора-тадбирлар дастури тасдиқланиб, ижро учун жойларга етказилди. Мазкур топшириққа биноан, худди шундай тадбирлар нафақат ватанимиз пойтахти - Тошкент шаҳрида, балки республикамизнинг барча вилоятларида, туман ва шаҳарларда маҳаллий хокимликлар билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.

Меҳр-мурувват ойлиги давомида қуйидаги тадбирлар амалга ошириш кўзда тутилган:
ногиронларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ҳар бир туман (шаҳар)ларда камида 50 нафардан ногиронга бепул юридик маслаҳат хизматлари кўрсатиш акциясини ўтказиш, Олий мажлис, вилоят ва туман кенгашларининг депутатлари билан учрашувлар ташкил этиш ҳамда ногиронларни сайлов пунктларида овоз беришлари учун зарур шарт-шароитлар (махсус йўлакчалар, кўзи ожиз ногиронлар учун шарт-шароитлар) яратиш;
3 минг нафар ногиронларни бепул тиббий текшириш, лаборатор-функционал текширишлардан ташкил этиш, даволаш, жарроҳлик амалиётини ўтказиш, соғломлаштириш бўйича ижтимоий тарғибот тадбирларини уюштириш ҳамда Ногиронлар жамияти, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди билан биргаликда 2 минг нафар ётиб қолган ногиронларнинг уйларига бориб, ҳолидан хабар олиш ҳамда уларга уйларида хайрия ижтимоий-маиший хизмат кўрсатиш акциясини амалга ошириш;
ойлик давомида ҳар бир туман ва шаҳарларда ногиронлар тўсқинликсиз ҳаракатланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларни махсус белгилар билан жиҳозлаш акциясини ўтказиш ҳамда ҳар бир ҳудудда ногиронлар кириши ва фойдаланиши учун қулай шарт-шароитлар яратилган ижтимоий инфратузилма объектлари кўрик-танловини ўтказиш;
ногиронлик масалаларига бағишланган телероликлар ва ҳужжатли фильмлар намойишини ташкил этиш, ўтказиладиган тадбирларни оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилишини таъминлаш, кўрсатувларни субтитр ёки сурдо таржима билан таъминлаш;

193 та туман ва шаҳарларда ногиронлар учун квоталанган иш ўринлари махсус меҳнат ярмаркаларини ўтказиш ва ҳар бир туманда камида 50 нафардан (жами 10 минг нафарга яқин) ногиронларни квота иш ўринларига жойлаштириш, ногиронларнинг иш жойларини мослаштириш, махсус воситалар ва мосламалар билан жиҳозлаш чораларини кўриш режалаштирилган.

Ушбу кунларда ногиронлар учун маданий тадбирлар ташкил этилиб, байрам дастурхонлари тузаб, уларга ҳомий ташкилотларнинг совғалари етказилади.

Top