09:56 / 04.12.2015
4051

Сенаторлар "Божхона кодексини тасдиқлаш тўғрисида"ги қонунни тасдиқлашди

2015 йил 3 декабрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи ялпи мажлиси очилди. Мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, бошқа ташкилотлар, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этишди.

Сенаторлар «Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқишди.

Божхона кодексининг янги таҳрири божхона ишларининг ягона ва бирхиллаштирилган қонунчилик базасини янада ривожлантириш, божхона маъмурчилигининг барча босқичлари ва даражаларида норма ҳамда ташкилий-ҳуқуқий механизмларнинг бирхилда қўлланилишини таъминлаш, божхона томонидан тартибга солишнинг ошкоралигини ошириш мақсадида ишлаб чиқилганлиги таъкидланди.

Божхона кодекси юкларни божхонада расмийлаштиришнинг халқаро стандартларига мувофиқлаштирилган божхона режимлари ва тартиб-таомилларининг барча турларини батафсил равишда, тўғридан-тўғри таъсир қилувчи нормалар асосида тартибга солади.

Кодексда рухсат этиш хусусиятига эга бўлган турли ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари, товарларни, шу жумладан, товарлар божхона ҳудудига келиб тушишидан аввал уларни декларациялаш ва расмийлаштиришда божхона тартиб-таомилларидан ўтказиш тартиби енгиллаштирилди, шунингдек, мазкур масалалар юзасидан божхона органларининг мансабдор шахслари томонидан қарор қабул қилиш учун белгиланган муддатлар анча қисқартирилди.

Тижорат ва нотижорат мақсадларидаги транспорт воситаларини, шунингдек, товарларни божхона чегараси орқали қувур транспорти ва электр ўтказувчи линиялар орқали олиб ўтиш тартиби анча мақбуллаштирилди. Божхона назоратининг янги шакллари жорий этилди.

Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг божхона органлари билан ўзаро ҳамкорлигининг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишга асосланган замонавий шаклларини жорий этиш катта аҳамиятга эга бўлади.

Жумладан, давлат божхона назоратининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими фаолиятининг тартиби норматив жиҳатдан мустаҳкамланди. Мазкур тартиб божхона органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар сонини сезиларли даражада қисқартиришни назарда тутади. Бу ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан товарларни божхонада расмийлаштириш тартиб-таомилларини анча енгиллаштиради.

Мажлисда қайд этилганидек, янги таҳрирдаги Божхона кодексининг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолияти самарадорлигини оширишнинг, ички бозорни сифатсиз ва контрабанда маҳсулотларидан ҳимоя қилишнинг, хўжалик юритувчи субъектлар, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари, шу жумладан, кичик бизнес ва тадбиркорлик корхоналарининг жаҳон бозорларига чиқиши учун қўшимча қулай ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишнинг муҳим омилига айланади.

Шундан сўнг «Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни кўриб чиқилди. Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан «Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида»ги,«Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида»ги, «Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида»ги қонунларга, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, бир қатор бошқа қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартишлар киритилди.

Top