15:48 / 16.12.2015
3214

2016 йилда Жиззахда полимер маҳсулотларни қайта ишловчи кластер иш бошлайди

2016 йилда “Жиззах пластмасса” заводи базасида полимер маҳсулотларни қайта ишлашга ихтисослашган йирик саноат кластери қурилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Sputnik ахборот агентлиги “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятидаги ахборот манбасига асосланиб хабар бермоқда.

Кимёвий кластер поливинилхлорид (ПВХ), полипропилен ва полиэтиленни қайта ишлаб, ундан юқори сифатли тайёр маҳсулот тайёрлашга ихтисослашади.
Бундан ташқари, композицион материаллардан турли хил маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳам ўзлаштирилади.

“Ҳозирда биз мазкур лойиҳага корхонанинг 9,2 миллион долларга ҳисобланган 86 фоиз акцияларини реализация қилиш йўли билан стратегик хорижий сармоядорларни жалб қилиш бўйича иш олиб бормоқдамиз.

Бунинг учун биз Кореянинг Taekwang компанияси билан “Жиззах пластмасса” базасида қўшма корхона ташкил этиш имконини берадиган “Ўзаро тушуниш тўғрисида”ги меморандумини имзоладик.
Айни пайтда корейс томони таклифимизни кўриб чиқмоқда”, - дея ойдинлик киритган агентлик суҳбатдоши.

Бундан ташқари, мутахассиснинг қайд этишича, ўзбек томони мазкур лойиҳада бошқа хорижий шериклар иштирокини ҳам истисно этмаяпти.
Жумладан, Тошкентдаги ўзбек-корейс бизнес-форумида мазкур таклиф бошқа компанияларга тақдим этилган.

“Навоийазот” базасида ташкил этиладиган ишлаб чиқариш қуввати йилига 100 минг тонна маҳсулотни ташкил этувчи ПВХ тайёрлаб бериш бўйича комплекс янги кластер учун хомашё базаси вазифасини бажаради.

Режага кўра, завод 2018 йилда ишга туширилади.

Top