10:41 / 21.12.2015
14234

Қорақамиш даҳасидаги собиқ деҳқон бозори манзарали қушлар ва балиқ бозорига айлантирилди

Тошкент шаҳрининг Бешёғоч мавзесида жойлашган манзарали қушлар ва балиқ бозори Олмазор туманидаги собиқ Қорақамиш деҳқон бозори ўрнига кўчиб ўтди. Бу ҳақда qalampir.uz хабар қилмоқда.

Мазкур бозор 19 декабрдан иш бошлаган.

Сайтнинг ўз манбасига асосланиб ёзишича, Қорақамиш 2/5 даҳасида жойлашган деҳқон бозорига манзарали қушлар ва балиқ бозорининг кўчиб келганига бир кун бўлмай туриб ўша ерда истиқомат қилувчи аҳолининг норозилигига сабаб бўлмоқда. Бозорга ташриф буюрувчи харидорлар учун автотураргоҳнинг йўқлиги, автомобиль йўлининг торлиги оқибатида тирбандлик юзага келяпти. Машиналарнинг йўл четига, қарама-қарши йўлларни ажратиб турувчи трамвай йўлига палапартиш қўйиб кетилиши нафақат жамоат транспортлари, балки енгил машиналарнинг ҳаракатланишида муаммолар туғдирмоқда.

“Бозор жойлашган ҳудудда озиқ-овқат дўконлари, 196-, 191-умумий ўрта таълим мактаби, 94-мактабгача таълим муассасаси, М.Турсунхўжаева номидаги тиббиёт коллежи, Uztelecom компанияси филиали, кафе ва ресторанлар, шунингдек, аҳолига хизмат кўрсатувчи турли марказлар фаолият юритмоқда.

Бозор атрофида автотураргоҳнинг йўқлиги, уни кўчириб олиб келишда бу масала инобатга олинмагани ўша ерда яшовчи аҳоли ва давлат ва жамоат ташкилотлари, корхоналарнинг, таълим даргоҳларининг фаолиятига таъсир ўтказиши эҳтимолдан холи эмас. Балки мутассаддилар бу масалага тез орада ечим топишар”, дейилади хабарда.

Top