18:00 / 25.12.2015
3404

Тошкентда инсон ҳуқуқлари бўйича танловнинг якунлари эълон қилинди

25 декабрь куни Тошкентда “ОАВнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар” мавзусидаги давра суҳбати ўтказилди. Тадбир доирасида “Жамият ва мен” ҳамда “Журналист ҳуқуқлари – журналист нигоҳида” республика танловларининг ғолиблари эълон қилинди.

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Журналистлар ижодий уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳуқуқшунос олимлар, мутахассислар, журналистлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўлаб-қувватлаш жамоат фондининг молиявий кўмагида ташкил этилган ушбу танловга мамлакатдаги оммавий ахборот воситаларида фаолият юритаётган журналистлардан кўплаб ижодий ишлар келиб тушди. Уларда инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларацияси, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган қонун ҳужжатларининг ижроси, ёшларнинг демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этиш жараёнида фаол иштирокини таъминлаш учун зарур ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий шароит яратишга қаратилган ислоҳотлар ҳаётий мисоллар билан ифода этилган.

Тадбирда танлов ғолибларига диплом ва совғалар топширилди.

Top