Жамият | 13:04 / 26.12.2015
34418
3 дақиқада ўқилади

Фонограмма-шоу ёхуд “Эътироф-2015”да микрофонни йўқотиб қўйганлар

Бир неча кун муқаддам Тошкентдаги “Истиқлол” санъат саройида ўтказилган “Эътироф-2015” шоу дастури кўпчиликда аралаш таассурот қолдирди. Байрамона тадбирнинг ўтказилганидан мамнун, вақтини чоғ ўтказганлар қаторида, айрим ҳолатлар жиддий норозиликларга сабаб бўлди. Ғолиблар орасида бирталай номуносиблари бўлгани айтилди, концерт дастурига бирор ўзига хослик, янгилик киритилмагани кўп бора таъкидланди. Sayyod.com сайти ижодкорлари эса тадбирнинг бошқа бир жиддий камчилигига эътибор қаратишди.

Саҳнага чиққан хонандаларнинг барчаси фонограммага оғиз қимирлатиб туришгани яхши маълум. Лекин шундай “оғиз қимирлатиш”нинг-да ўзига яраша масъулияти бор эканки, “Эътироф”да шуни ҳам эплай олмаганлар бўлди. Дастлаб томошабинлар кулиб қўйишди, хатолар такрорланавергач, мухлисларнинг ғашига тега бошлади. Хонандалар ҳатто фонограммага ҳам ҳафсала билан тайёрланмагани ошкор бўлиб қолди.

Тақдим қилинган видеожамланмада артистлар кулгили вазиятга тушиб қолган онлар бир орага тўпланган. Зиёданинг хаёли бошқа жойда бўлган шекилли, ўз қўшиғининг сўзлари қаердан бошланиб, қаерда тугашини унутиб қўйди: нақорат сўзлари тугамасидан микрофонни пастга туширди. Дуэт куйлаган Шаҳзода ва Улуғбек Раҳматуллаевлар ҳам навбатма-навбат бу хатони такрорлашди. Уларнинг сафига тез орада Жасур Умиров ҳам қўшилди. Видеороликка ишонадиган бўлсак, “микрофонсизлар” кетма-кетлигига Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитова якун ясаб берган. Бу томоша якунланганидан енгил тин олиш мумкин эди, аммо концерт залида бўлганлар фонограмма-шоунинг давомига гувоҳ бўлишди: барча санъаткорлар саҳнага чиқиб, биргаликда қўшиқ “куйлашди”, лекин микрофон фақат Озодбек Назарбеков, Гулсанам Мамазоитова ва Зиёданинг қўлларида бор эди. Қолган санъаткорлар ё фавқулодда кучли овоз соҳиблари бўлиб чиқишди, ёки бўлмаса ўзбек шоуменлари тадбирда овозни микрофонсиз қулоқларга етказувчи инновацион технологиядан фойдаланишди.

Қуйида ўқувчиларимизга ушбу видеороликни тақдим этамиз, санъаткорлар ва ташкилотчиларни эса томошабинни ҳурмат қилишга чақириб қоламиз. Фонограммадан фойдаланишни кескин қораламаймиз, аммо ундан фойдаланиш маданияти ҳам бор.