Жамият | 16:09 / 05.01.2016
10552
2 дақиқада ўқилади

Учтепалик йигит қарз беришни истамаган дўстини уриб ўлдириб қўйди

Рамиль Асланов исмли фуқаро қарз беришни истамаган дўстини уриб ўлдириб қўйди. “Огоҳ” нашрида ёзилишича, воқеа Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида содир бўлган.

Айтилишича, Асланов Сергей Хан исмли шахс билан яқин дўст бўлган. Лекин Аслановнинг нуқул қарз сўраши Ханга ёқмаган, негаки Асланов олган пулини қайтариши мушкул эди. Бир куни у дўстига “ичсанг ҳам, чексанг ҳам, ўз пулингга сотиб ол”, деб дакки берган ва қарз ҳавола қилишдан бош тортган.

Бундан жаҳли чиққан Асланов кунлардан бир куни Дилшод исмли таниши билан гаплашиб ўтирганида келиб қолган Хан билан сўрашишни истамаган. Икки дўст даҳанаки жангга киришиб кетган.

Аслановнинг ғазаби қўзиб, Ханга ташланган ва уни калтаклай бошлаган. Эсанкираб қолган Хан ерга йиқилганидан сўнг ҳам собиқ дўст уни тепкилаган.
Хан оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Аммо унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган.

Арзимаган сабаб туфайли дўстини ўлдириб қўйган Рамиль Асланов узоқ йилларга қамалиб кетди.