Жамият | 22:45 / 06.01.2016
7892
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда қалбаки заргарлик буюмлари сотувчиси қўлга олинди

Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида қалбаки заргарлик буюмларини тилла буюмлар деб мижозларни алдаб келган аёл қўлга олинди. Бу ҳақда “Огоҳ” нашри ёзмоқда.

Айтилишича, 30лардан ошган Умида исмли аёл сохта заргарлик буюмларини чўнтакка солганча кўчаларда ўлжа қидирган ва барчани бир хил усулда алдаган: нотаниш инсонларни тўхтатиб, боласи ёки бирор қариндоши касал бўлиб қолганини айтиб, арзон нархда тилла буюмларини сотиб олишни таклиф қилган. Шу йўл билан у Зафар исмли киракашдан 1.4 млн сўм, Зуҳра ва Фарзона исмли аёллардан эса 1.2 млн сўмдан олган.

Аммо бир куни киракаш йигит аёлни кўчада кўриб қолган ва тегишли идоралар ходимларига ахборот берган. Умида қўлга олиниб, тергов қилинган. Унинг ишини кўриб чиққан суд фирибгарга тегишли жазони тайинлади.