Жаҳон | 14:29 / 07.01.2016
13347
2 дақиқада ўқилади

Матбуот Олатовда ёлғиз яшаб келаётган “қозоғистонлик Робинзон”ни кашф қилди

Тяньшань шимоли-ғарбидаги Или Олатови тоғларининг Горельник дарасида яшовчи 63 ёшли тарки дунёчи Тўлеу оға Қозоғистон ОАВнинг қаҳрамонига айланди.

Кўнгиллилар баъзан Анатолий деб атайдиган Тўлеу оға бу дунёда ўзини кераксиз ҳис этиб, тарки дунё қилган бўлиб, эндиликда ўз ҳаётидан жуда мамнум, деб ёзади “Казахстанская правда” газетаси.

У 10 йилдан буён тоғлардаги эски кулбада яшаб келади. Тирик жонзотлардан фақат уч ит у билан бирга яшайди. Овқатни унга баъзан меҳрибон инсонлар олиб келишади, сувни эса у тоғдаги булоқлардан олади. Қишда у қор эритиб сув олади, ўтинни бензинли арра билан кесади.

10 йил муқаддам Тўлеу оға Олмаотадан уй-жойи ва қариндошлари йўқлиги туфайли чиқиб кетган эди. Бу шаҳарга у армиядаги хизматидан сўнг Шарқий Қозоғистон вилоятидан келиб қолган эди. Қурилишларда, заводларда ишлашига қарамай, пенсия ёшига яқин у уйсиз қолган ва тоғларга кўчиб ўтишга қарор қилган. У ерда кимсасиз кулбани топиб олиб, унда яшай бошлаган.

Олатовга келган бир саёҳатчи у билан танишиб қолганидан сўнг Тўлеу оға ҳақида журналистлар, ҳаваскорлар, саёҳатчилар ва кўнгиллилар билиб қолишди. Шундан буён унинг уйидан меҳмон аримайди.

Шунга қарамай, у асосан ёлғизликда яшайди, баъзан уч ойлаб садоқатли итларидан бошқа тирик жонни кўрмайди. Пенсия пулини ақл билан ишлатиб, тирикчиликка етказишга уринади. Баъзан тоғлардан тушиб, дўконларга киради ва зарурий маҳсулотларни харид қилади.

Айни кунларда унга кўнгиллилар ёрдам бермоқда.