Технология | 18:59 / 09.01.2016
5401
2 дақиқада ўқилади

Sony’нинг CES 2016да тақдим этган янгиликлари

Sony компанияси Лас-Вегасда ўтаётган CES 2016 кўргазмасида бир қатор янги ускуналарни намойиш қилди. Қуйида уларга қисқача тўхталамиз.

Walkman A17 ва Walkman A26 номли икки янги плеер, ZX2 моделидан фарқли равишда, Android’да эмас, бу ускуналар учун махсус ишлаб чиқилган оддийроқ операцион тизимда ишлайди. Плеерлар кўплаб мусиқий форматларни ўқий олади, мусиқани эса ҳам симли, ҳам симсиз акустикага чиқарса бўлади.

A17 сенсорли экран ва 64 ГБ хотирага эга, A26да эса жисмоний тугмалар, 32 ГБ хотира ҳамда microSD картаси учун слот бор. Плеерларнинг аккумулятори mp3 эшитганда 50 соатга, агарда сифатли файллар қўйилса, 30 соатга етади.

NC симсиз қулоқликлар бўлиб, ташқи шовқинларни ўчирувчи ақлли тизимга эга. Sony вакилларининг сўзларига қараганда, бу қулоқликлар mp3-файлларининг аудиосифатини махсус DSEE технологияси ёрдамида яхшилайди.

h.ear эса мумтоз дизайндаги симсиз қулоқликдир. У ҳам ўша тизимлар билан таъминланган, аккумулятори эса, файллар ўртача овоз диапазонида тингланганида, 20 соатга етади.

Шунингдек, жорий йилда Sony Android негизида ишлайдиган Bravia сериясидаги бир қанча телевизорларни ишлаб чиқаради.

Уларга эга бўлган мижозлар Sony Pictures фильмларини 4K ечимида кўриш имконини берувчи Ultra хизматига уланадилар. Телевизорларда LED-қолиплар ишлатилади.