Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
2016 йил солиқ соҳасида қандай ўзгариш ва янгиликлар билан бошланди? (Батафсил)
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан ташкил этилган кўргазмали семинарнинг очилишида бу алоҳида қайд этилди. Тегишли вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, Тошкент шаҳри ва вилоятида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этган тадбирда солиқ ва бюджет сиёсатининг 2016 йилга мўлжалланган асосий йўналишларидан келиб чиқиб солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар мазмун-моҳияти атрофлича тушунтириб берилди.
Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Парпиев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида иқтисодиётимизнинг етакчи соҳа ва тармоқларининг замон билан ҳамнафас фаолият юритишига барча зарур шароит яратиб берилаётганини таъкидлади. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг йўл очиб берилаётгани, ахборот-коммуникация тизимларининг ҳаётимизга фаол жорий этилаётгани, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг дунё бозорида рақобатдошлиги ортиб бораётгани – буларнинг барчаси биз эришаётган ютуқларнинг мустаҳкам пойдеворини ташкил этмоқда.
Президентимизнинг 2015 йил 22 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги қарорига асосан юртимизда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, аҳолининг реал даромадларини ошириш мақсадида қатор солиқ ва мажбурий тўловлар ставкалари пасайтирилди. Қонун ҳужжатларига асосан берилган имтиёзлар муддати узайтирилди.

Хизмат кўрсатиш соҳасидаги микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси 2015 йилдаги 6 фоиздан 1 фоизли пунктга пасайтирилиб, 5 фоиз қилиб белгиланди. Божхона расмийлаштируви бўйича хизматлар кўрсатувчи юридик шахслар (божхона брокерлари) учун ягона солиқ тўлови ставкаси ҳам 1 фоизли пунктга пасайтирилиб, 5 фоиз қилиб белгиланди. Қайд этиш жоизки, ягона солиқ тўлови ставкасининг камайиши ҳисобига ушбу микрофирмалар ва кичик корхоналар ихтиёрида жорий йилда 58,4 миллиард сўм маблағ қолиши кутилмоқда.
Экспорт қилувчи корхоналар учун фойда солиғи, ягона солиқ тўлови ва мол-мулк солиғининг регрессив ставкасини қўллаш тартиби, яъни экспорт улуши сотишнинг умумий ҳажмида 15 фоиздан 30 фоизгача бўлганда, белгиланган ставка 30 фоизга, 30 фоиз ва ундан кўп бўлганда ставка 50 фоизга пасайтирилиши 2016 йилда ҳам сақлаб қолинди.

Жисмоний шахслар даромадларига солиқ юкини пасайтириш мақсадида 2016 йил 1 январдан бошлаб, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкасининг иккинчи шкаласи (энг кам иш ҳақининг бир баробаридан беш баробаригача миқдорда) 2015 йилдаги 8,5 фоиздан 1 фоизли пунктга камайтирилиб, 7,5 фоиз қилиб белгиланди. Натижада 235 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ишчи ва хизматчиларнинг ихтиёрида қолиш имконияти яратилди.
Тадбиркорлик фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида айрим имтиёзлар муддати узайтирилди. Жумладан, ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар учун фойда солиғи, мол-мулк солиғи, микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ҳамда Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этиш тарзидаги имтиёзлар муддати 2018 йилнинг 1 январига қадар амал қилади.
Тўқимачилик саноати корхоналари учун мол-мулк солиғи тўлашдан озод этиш бўйича берилган имтиёзнинг муддати 2018 йилнинг 1 январига қадар узайтирилди.
Қонунчиликка киритилган ўзгартишларга мувофиқ, автомобиль транспорти соҳасида фаолият юритувчи кичик корхоналар ходимлар сонини 25 нафардан 50 нафаргача оширса, кичик бизнес субъектларига берилган имтиёз ва енгилликлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.

2016 йилдан бошлаб мобиль алоқа хизматлари кўрсатувчи юридик шахслар (уяли алоқа компаниялари) фойда солиғини рентабеллик даражасидан келиб чиқиб тўлайди. Яъни, рентабеллик даражаси 20 фоизгача бўлганда – 7,5 фоиз ставкада, рентабеллик даражаси 20 фоиздан юқори бўлганда фойда суммасига – 50 фоиз ставкада солиқ солиш белгиланди.

Фаолиятни юритиш жойидан қатъи назар, бензин, дизель ёқилғиси ва суюлтирилган газ, шунингдек, алкоголли ва тамаки маҳсулотларини сотувчи корхоналар учун 2016 йилдан бошлаб ягона солиқ тўлови ставкаси унификация қилиниб, товар айланмасига нисбатан 4 фоиз миқдорида белгиланди.
Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб норуда қурилиш материалларига (цемент, оҳак, гипс ва бошқа маҳсулотлар хомашёси) ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари бирхиллаштирилди. Эндиликда улар учун ягона 5 фоизлик ставка белгиланди.
Ягона ер солиғи ставкаси қишлоқ хўжалиги ерларининг қайта ҳисобланган норматив қийматига нисбатан 0,95 фоиз миқдорида белгиланди. Бунда 2016 йил 1 январдан бошлаб ягона ер солиғи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 18 августдаги “Қишлоқ хўжалиги экин майдонларининг норматив қийматини аниқлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ аниқланган қишлоқ хўжалиги экин майдонларининг норматив қийматидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилиши тартиби жорий қилинди.
Якка тартибдаги тадбиркорларнинг фаолият турлари бўйича қатъий белгиланган солиқ ставкалари 2015 йил даражасида ўзгаришсиз қолдирилди. Мазкур солиқ ставкаси йил бошига белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан, яъни 130 240 сўм (01.01.2016) дан келиб чиқиб аниқланади ва йил давомида энг кам иш ҳақи миқдори ўзгарган тақдирда қайта кўриб чиқилмайди.
Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқнинг амалдаги ставкаси 15 фоизга индексация қилинди ва солиқнинг асосий ставкаси мол-мулкнинг инвентаризация қийматига нисбатан 1,5 фоиз миқдорида белгиланди. Алоҳида ставкалар шаҳарларда жойлашган умумий майдони 200 кв.метрдан 500 кв.метргача бўлган турар жой ва квартираларга 1,8 фоиз, майдони 500 кв.метрдан ортиқ бўлган турар жой ва квартиралар учун эса 2,5 фоиз қилиб белгиланди. Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни кадастр ҳужжатларидаги инвентаризация қийматидан келиб чиқиб, бироқ 3 миллион сўмдан кам бўлмаган миқдордан солиқ ҳисоблаш тартиби жорий қилинди.
Солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш мақсадида 2015 йил 31 декабрдаги Ўзбекистон Республикасининг «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2016 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни билан Солиқ кодексининг 39 моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Давлат солиқ хизмати органига камерал назорат натижалари бўйича аниқланган тафовутлар асосларини ёхуд аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этмаган солиқ тўловчиларнинг ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш юзасидан судга ариза билан мурожаат этиш ҳуқуқи берилди.
Тадбир давомида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаб келаётган мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган бир гуруҳ намунали солиқ тўловчилар Давлат солиқ қўмитасининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.
Кўргазма 16 январга қадар давом этади.
Манба: ЎзА
Суратлар муаллифи Сарвар Ўрмонов.