Жамият | 19:15 / 19.01.2016
19933
5 дақиқада ўқилади

Машҳурлар ҳаётидан: Бeрнард Шоу

Машҳур ёзувчи ва драматург Бернард Шоу ўзининг топқирлиги ҳамда ҳозиржавоблиги билан ҳам ажралиб турган. Унинг ҳаётида буни исботловчи мисоллар етарлича. Қуйида Шоу ҳаётидан олинган қизиқарли лавҳаларни тақдим этамиз.

Бир сафар нотариус бўлиб ишловчи миссис Смит Бернард Шоуга қуйидаги таклифномани юборади: “Смит хоним сешанба куни соат 4 дан 6 гача ўз уйида бўлади!”. Бернард Шоу эса ўз услубида жавоб беради: “Мистер Бернард Шоу ҳам!”;

Шоу 1925 йилда Нобел мукофотига сазовор бўлади. Аммо шу йили бирорта асарини чоп эттирмаганди. Бу ҳолатга эса кутилганидек ўзига хос таъриф топилди: “Бу йил асар чоп эттирмай дунё аҳлига енгиллик яратганим учун мени тақдирлашди!”;

Бернард Шоу ҳар доим топқирликда ғолиб чиқавермаган. Нью-Йоркда Шоунинг бир пьесаси намойиш этилади. Қаҳрамонимиз пьесада бош ролни ижро этган актрисага телеграмма юборади: “Ажойиб, ноодатий, қойилмақом!!!”. Қувониб кетган актриса унга камтарона жавоб йўллайди: “Ошиб юбордингиз, жаноб!”. Одатдагидек Шоунинг қитмирлиги тутади: “Мен пьесани назарда тутгандим”. Актрисанинг жавоби эса бундан ҳам ошиб тушади: “Мен ҳам!”. Бечора Шоу…

Бир сафар Шоу жуда семиз жентельмен билан учрашиб қолади. Жентелмен ўзини ақлли кўрсатгиси келиб, Шоунинг устидан кулмоқчи бўлади: “Жаноб, Сизни кўрган одам Англияда очлик ҳукм суряпти, деб ўйлаб қолади”. Шоу яна ўз услубида: “Сизни кўрган одам эса бу очликнинг сабабчиси Сизсиз деб ўйлаб қолади!”;

Бир ёш йигит Шоуга мурожаат қилади: “Жаноб Шоу, гаров боғлашим мумкин, Сиз мени эслай олмайсиз”! Шоу эса қисқагина жавоб қилади: “Сиз ютдингиз!”;

Бернард Шоу бир пьесаси намойишининг антрактида саҳнага чиқади ва одамларга мурожаат қилади: “Пьесам сизларга манзур бўляптими?”. Залдан овозлар кела бошлайди: “Ажойиб!”, “Бетакрор!”, “Тасанно!” Шу пайт бир овоз барчанинг диққатини тортади: “Бемаъни!”. Шоу ўша одамга мурожаат қилади: “Мен ҳам шу фикрдаман, жаноб! Аммо иккаламиз ҳаммага қарши нима ҳам қила олардик?!”;

Кунларнинг бирида Бернард Шоуга хат келади: “Мен Англиянинг энг гўзал аёлиман. Сиз эса энг ақлли эркаксиз. Биз турмуш қуриб, фарзандли бўлишимиз керак. Тасаввур қилиб кўринг, унга менинг чиройим ва Сизнинг ақлингиз ўтса, қандай ажойиб бўлар эди!”. Шоу эса ўта маданиятли тарзда жавоб қайтаради: “Таклифингиздан хурсандман. Аммо Сиз ҳам тасаввур қилиб кўринг. Унга Сизнинг ақлингиз ва менинг ҳусним ўтса, нима бўлади?”;

Бернард Шоуни оқсуяклар доирасида бўлиб ўтган ёш скрипкачининг концертига таклиф этишади. Концертдан сўнг ёш скрипкачининг ҳомийси бўлган аёл Шоуга юзланади: “Хўш, йигитча ҳақида нима дейсиз?”. Шоу жавоб қайтаради: “Бу йигит менга Падеревскийни эслатиб юборди!”. Аёл ҳайратланади: «Ахир, Падеревский ҳеч қачон скрипкачи бўлмаган-ку!”. Шоу жилмайганча суҳбатга нуқта қўяди: “Худди шундай!”;

Техника тараққиётига бағишланган учрашув пайтида Шоу ўкинч билан шундай деганди: “Худди қушлар каби осмонларда парвоз қилишни ўрганиб олдик, худди балиқлар каби сув остида сузишни ўрганиб олдик. Фақат Ер юзида одамлардай яшашни ўргана олмадик!”. Шоу ҳақ…

Бернард Шоудан сўрашибди: “Агар Миллий галереяда ёнғин чиқса, қайси бешта суратни асраб қолган бўлардингиз?”. Ишбилармон Шоу жавоб шундай жавоб беради: “Чиқиш эшигига энг яқин бўлган 5 та суратни”;

Бернард Шоунинг қуйидаги ҳикмати ҳам эътиборга лойиқ: “Ўтмишингга боққанингда бош кийимингни олиб, унга ҳурмат кўрсат. Келажакка боққанингда эса, ЕНГИНГНИ ШИМАР!
Баҳодир Аноров тайёрлади.

Мавзуга оид