Жамият | 14:49 / 20.01.2016
6148
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон 64 ёшга тўлди

Бугун, 20 январь куни, таниқли шоир, драматург ва таржимон, Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон 64 ёшга тўлди.

Хуршид Даврон 1952 йилнинг 20 январь куни Самарқанд шаҳрида туғилган. 1969 йилда Тошкент давлат университетининг журналистика факультетига ўқишга кирган. 1974 йилдан бошлаб нашриёт соҳасида, шунингдек, Маънавият ва маърифат марказида фаолият юритган. 1996 йилдан фаолиятини Ўзбекистон телерадиокомпаниясида давом эттирган.

Дастлабки шеърий тўплами – “Қадрдон қуёш” 1979 йилда чоп этилган. Кўплаб шеърлар, драмалар, сценарийлар муаллифи. Унинг асарлари жаҳоннинг қирқдан ортиқ тилларига таржима қилинган. Ўз навбатида, у бошқа халқлар адибларининг бир қатор ижод намуналарини таржима қилиб, ўзбек китобхонига тақдим этган.

Устозга узоқ умр, бахт-саодат ва баракали ижод тилаб қоламиз.

Қуйида шоирнинг бир неча шеърлари келтирилади:

ЧУНКИ

Бу бола Машрабнимас,
Нитшени севар.
«Улисс»ни ўқийди,
Чунки
«Ўтган кунлар»
Ўтган кунлар дейди.

Мактабда дарс берган
Акасининг жаҳли чиқади,
Чунки у
Нитшени билмас,
«Ўтган кунлар»ни
Кинода кўрган.

Кекса ота анграйиб қарайди
Икки ўғлига,
Чунки у
Нитшениям,
Қодирийниям
ўқиган эмас.

* * *

Болаликдан бир орзум бор
Юзи оп-поқ
Ҳеч кимга айтилмаган
Мени асло тарк этмаган
Бир орзум бор юрагимда
Кўзлари ўйчан

Денгиз ёқасида яшасам
Хилват соҳилида уйим бўлса
Деразалари очиқ турса

Равоғида заъфар тилларанг
Қоғоз билан ўралган сопол тувакда
Ям-яшил япроқли бинафшанинг
Сиёҳранг гуллари
Менга тикилиб турган кўзлари билан
Денгиз соҳилида яшасам

* * *

Кетар чоғингда
Дунёга «Хайр!» дейишни унутма
«Раҳмат!» дейишни унутма

«Хайр!» дейишни унутма
Болалик кунларингга
Муҳаббат тунларига
Тўрт томонга
Яхши-ёмонга
Туз билан нонга
Мовий осмонга
Онанг қучган бешикка
Ҳар бир очиқ эшикка
Олисдаги тоғларга
Яшил қирмиз заъфар боғларга
Ялпизларга
Қалдирғочларга
Чумолиларга
Атиргулларга
«Хайр!» дейишни унутма
«Раҳмат!» дейишни унутма

ШОИР

Бекор гап: шоирни жангчи атамоқ,
У ёлғиз одамнинг сўнгги алами.
Шоир – бу очуннинг капалак мисол
Энг чиройли ва энг ожиз одами.

Унинг ижоди билан мана бу ҳавола орқали танишиш мумкин.