Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда Холокост қурбонлари хотираси кунига бағишланган концерт дастури ташкил этилади
2016 йилнинг 27 январь куни Исроил ва Германия Федератив Республикаларининг Ўзбекистондаги элчихоналари, шунингдек, Европа Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан Холокост қурбонлари хотираси кунига бағишланган концерт дастури ташкил этилади. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Камолиддин Ўринбоев раҳбарлигидаги Ўзбекистон Ёшлар симфоник оркестри ижросидаги мумтоз мусиқалар концерти Ўзбекистон Давлат консерваториясида бўлиб ўтади.
Исроил ва Германия Федератив Республикаларининг Ўзбекистондаги элчихоналарининг ҳамкорликдаги пресс-релизида келтирилишича, Иккинчи Жаҳон Уруши бошланиши биланоқ Ўзбекистон Холокостдан омон қолган ўн минглаб яхудий миллатига мансуб кишилар ҳамда Европадаги йўқотишлар ва қирғинлардан қочган юз минглаб қочқинлар ва эвакуация қилинганлар бошпана топган жойга айланди. Ўзбекистон халқи ўз эшикларини очиб, қочқинларга ғамхўрлик қилди, бир бурда нонини улар билан бўлишди. Бу ҳеч қачон унутилмайди.
Концерт дастурида Ким Киенг (сопрано), Кирилл Борчанинов (бас), Ўзбекистон Давлат Консерваторияси қошидаги мусиқали хор театр-студияси ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, профессор Владимир Неймер иштирок этади.
Концертда Шостакович, Уильямс, Каччини ва Боярский ижод намуналари ижро этилади.