Дания боғчаларида чўчқа гўштидан овқатларнинг жорий қилиниши мусулмонлар орасида кескин норозиликларга сабаб бўлди
Даниядаги Раннерс шаҳри маъмурияти болалар боғчаларида менюга чўчқа қиймасидан овқатларни киритишни мажбурий қилиб қўйди. Бунинг муқобили таклиф қилинмади. Данияда истиқомат қилувчи бир неча юз минг мусулмонлар норозилик намойишлари уюштиришга ҳозирлигини таъкидламоқда.
Гўштли фрикаделькалар (митболлар), сувда қайнатилган картошка ва соус, қизил карам ва совуқ салатдан иборат таом Дания миллий ошхонасининг муҳим бўлаги бўлиб, у кўчаларда, ресторанларда ва боғларда сотилади. Шунингдек, қийма овқат бутербродлар ичига солинади. Айнан миллий таомлар ёрдамида данияликлар муҳожирлар оқимига қарши курашмоқчи.
Чўчқа гўштидан бўлган митболларни болалар боғчалари менюсига киритиш-киритмаслик масаласи барча шаҳарларда муҳокамага қўйилмоқда. Биринчи бўлиб Раннерс шаҳри ҳокимияти қарор қилди: шаҳар кенгашининг 16 аъзоси ташаббусни ёқлади, 15 нафари қарши чиқди. Айримлар барча данияликлар болаликдан миллий ошхонага ўрганиши лозимлиги ва бу миллий ўзликни сақлашга хизмат қилишини таъкидлади. Фақатгина мусулмонлар қарши. Бу акт исломга эътиқод қилувчиларга қарши кампания сифатида баҳоланмоқда, айримлар кўчаларга чиқишга тайёрлигини айтмоқда.
Сўровларнинг кўрсатишича, мусулмонларнинг 98 фоизи мазкур қарордан норози, бу эса Дания аҳолисининг 5 фоизи демакдир. Мусулмонларнинг 83 фоизидан кўпроғи Дания боғчалари ва мактабларида фақат мусулмонлар ея оладиган таомлар дастурхонга тортилиши керак деб ҳисоблайди. 25 фоиз респондентлар ўқув муассасаларида иккита меню бўлиши лозим деб ҳисоблайди: улардан бири мусулмонларга, иккинчиси эса христианларга мўлжалланиши лозим.
Дания Халқ партия фаолларининг фикрича, гап болаларнинг соғлиғи, анъанавий митболларнинг тақдири ҳақида эмас, балки Европанинг исломлаштирилишига қарши кураш йўлидир.
“Чўчқа гўшти қанча кўп бўлса – мусулмонлар шунча кам бўлади”, - деб таъкидлайди партиянинг расмий вакили Мартин Хенриксон.
“Дания овқат маданиятини, шу жумладан, чўчқа гўштидан бўлган таомларни, болалар муассасаларида тақиқлаш мумкин эмас? – сўзида давом этди у. – Ундан кейин нима қиламиз? Дания халқ партияси миллий ва маҳаллий даражада дат маданиятини, шу жумладан, дат овқатини тағриб қилиш борасида иш олиб бормоқда. Бу дегани, биз ислом қоидаларига ҳамда даниялик болалар нима ейиши ҳақидаги нотўғри тасаввурларга қарши курашмоқдамиз”.
“Фрикаделькалар жанги” Данияда бир неча йилдан буён давом этмоқда. 2015 йилда мусулмон бўлган талаба қиз ўқиш доирасида чўчқа гўшти ейишга мажбур қилинганида иш судга оширилган эди. Натижада муҳожир оиласига маънавий зарар учун товон тариқасида 6 минг евро тўлаб берилган эди.
Шу билан бирга, айнан чўчқа гўшта Европани исломлашувдан асраб қолишига францияликлар ҳам ишонмоқда. Францияда ҳам таълим муассасаларининг овқат менюсини шаҳар кенгашлари йиғилишларида тасдиқламоқдалар. Шалон-сюр-Сон шаҳри маъмурияти мактаб ошхоналарига чўчқа гўштига муқобил таклиф қилмасликка кўрсатма берди. Бошқа сўз билан айтганда, душанба куни менюда мол ва курка гўшти, сешанба куни товуқ ва балиқ гўшти бўлса, чоршанба куни дастурхонга фақат чўчқа гўшти тортилади. Агар уни ейишни истамасанг, фақат сабзавот ейиш қолади.
“Дастлаб уларни қучоқ очиб кутиб олишди. Кейин муҳожир ота-оналар талаб қила бошлади: болаларимизга чўчқа гўшти берманг, деворлардаги хочлар бизни ҳақорат қилади, уларни олиб ташланг, болаларимиз намоз ўқиши учун хоналар ажратиб беринг. Шундан сўнг бу ишга бошқатдан баҳо берилди. Бу тўлқин муҳожир болалар ва уларнинг ота-оналарининг феъл-атвори маҳаллий аҳолининг ҳиқилдоғига келганидан далолат. Бизнинг қоидаларимиз бўйича яшашни истамасангиз, таълим олмай қолиб кетасиз”, - деди “Дин ва жамият” ахборот-таҳлилий маркази президенти Алексей Гришин.
Бошқа тоифа сиёсатчилар эса бундай радикал чоралар натижа бермаслигидан огоҳлантирмоқда. Мусулмонлар барибир чўчқа гўштини емайди, лекин бутун Европада ёпиқ мусулмон мактаблари тармоқлари пайдо бўлиши турган гап. Бу аҳволда интеграция ҳам юз бермайди. Яқиндагина Шарқий Лондондаги ёпиқ мусулмон мактабидан ЕИ қонунчилигига мос келмайдиган материаллар аниқланди: таъминланган оилаларнинг ўғил болалари борадиган мактабнинг дарслигида аёлларни қандай жазолаш ҳақида гап борарди.
“Улар болаларини маҳаллий мактабларга қўймайди. Уларни уйда ёки анклавлар мактабларида ўқитади. Энг агрессив ва бебош феъл-атвор айнан мактаб ёшидаги болаларда кузатилади. Бундан ташқари, Европа қонунлари вояга етмаганлар учун жавобгарликнинг жуда паст даражасини назарда тутади, шу боис экстремистлар учун вояга етмаганларни ёллаш қулайроқдир”, - таъкидлади Алексей Гришин.
Шу боис Британия ҳукумати айрим талабларга ён беришга мажбур бўлмоқда. Жумладан, жорий ўқув йилида якуний тестлар Рамазон ойига тўғри келгани учун уларнинг муддати кўчирилди. Ахир мусулмонлар рўза тутади ва бор билимини намойиш қила олмайди. Оддий фуқаролар норози бўлишди, аммо исломлашувдан чўчиган ҳукумат қарорини бекор қилмади.
“Барибир Европага ўзгаришларга тайёр одамлар йўл олади. Анъанавий оилалар уйда қолади. Анъанавий жамият Европага келгандаёқ қонун бузилган деб ҳисоблайди. Ўзгаришлар кейинроқ, ностальгия бошланганида юз беради. Вақт ўтиши билан улар яна динга берилиб кетади”, - дейди исломшунос Озод Охунов.
Элдор Асанов тайёрлади