Спорт | 20:05 / 23.01.2016
6109
3 дақиқада ўқилади

“Норвич” – “Ливерпуль”. 23 турининг илк ўйинида 9та гол урилди

Англия чемпионатининг 23-турини “Норвич” – “Ливерпуль” жамоалари баҳси очиб берди.

Бу ўйинда мухлислар ҳисоб бўйича қувлашмачоққа гувоҳ бўлишди.

Ўйинда дастлаб, 18 дақиқада "Ливерпуль"нинг бразилиялик легионери Фирмино ҳисобни очди.

Лекин мезбонлар "Ливерпуль" дарвозабони Симон Минольенинг хатолари туфайли биринчи бўлимни ўз фойдаларига ҳал қилишди. 29 дақиқада Мбокани турнинг энг чиройли голига даъвогар бўладиган гол билан ҳисобни тенглаштирган бўлса, 41 дақиқада жамоанинг янги аъзоси Нейсмит "Норвич"ни ҳисобда олдинга олиб чиқди.

Иккинчи тайм мезбонлар устунлигида бошланди ва 54 дақиқада Морено Нейсмитга қўполлик ишлатиши туфайли ўйин ҳаками меҳмонлар дарвозасига 11 метрлик жарима зарбаси белгилади. Хулахан ҳисобни 3:1 кўринишига келтирди.

Лекин орадан бир дақиқа ўтиб, "Ливерпуль" сардори Хендерсон қанотдан Фирмино узатган тўпни дарвозага жойлаб, ҳисобни қисқартирди. 63 дақиқада эса Фирмино ўйиндаги иккинчи голини уриб, ҳисобни тенглаштирди - 3:3.

75 дақиқада Юрген Клопп шогирдлари матонат кўрсатиб, тўртинчи голни уришди. Бу гол жамоа етакчиларидан бири Жеймс Милнер ҳисобига ёзилди - 3:4.

Бу эса ўйиннинг сўнгги дақиқалари ўта шиддатли кечишини таъминлади. Мезбонлар ўйинга қўшиб берилган учинчи дақиқада ҳисобни тенглаштиришди. Бассонг жарима зарбасидан кейин рақиб жарима майдонидаги саросимдан фойдаланди - 4:4.

Лекин мерсисайдликлар ирода кўрсатишда давом этишди ва 95 дақиқада яна ҳисобда олдинга чиқишди. Ўйиннинг якуний ҳисоби Адам Лаллана томонидан ўрнатилди - 4:5.

Бу ғалабадан кейин "Ливерпуль" ҳисобидаги очколар сони 34тага етди ва жамоа еттинчи ўринга кўтарилди. "Норвич" эса 23 очко билан "хавфли ҳудуд" яқинида турибди - 16 ўрин.

"Норвич" – "Ливерпуль" – 4:5 (2:1)

Голлар: 0:1 – 18 Фирмино, 1:1 – 29 Мбокани, 2:1 – 41 Нейсмит, 3:1 – 54, пенальти Хулахан, 3:2 – 55 Хендерсон, 3:3 – 63 Фирмино, 3:4 – 75 Милнер, 4:4 – 90 Бассонг.
Норвич – Радд, Бассонг, Мартин, Пинту, Дорранс, Брэйди, Хаусон, Хулахан (Ольссон, 70), Редмонд (Жарвис, 70), Нейсмит (Джером, 82), Мбокани.
Ливерпуль – Миньоле, Туре, Морено (Колкер, 90), Клайн, Сако, Милнер, Джан, Айб (Лаллана, 59), Хендерсон (Бентеке, 76), Фирмино, Лейва.
Огоҳлантириш: Лаллана (90).