Жаҳон | 16:36 / 25.01.2016
4201
2 дақиқада ўқилади

Панда кўринишида кийинган америкалик "Қорда чўмилувчи" Тянь-Тянь лақабли пандани "жангга чақирди"

АҚШнинг Мэриленд штатида яшовчи Жеффри Перес Вашингтон шаҳридаги Смитсониан Миллий ҳайвонот боғида яшовчи Тянь-Тянь лақабли пандани "қорда биргаликда юмалашга" чақирди. Бу ҳақда ABC News хабар тарқатган.

Бундан олдинроқ, Тянь-Тяннинг "қорда чўмилаётгани" тасвирланган видео интернетда машҳур бўлганди.

Перес панда кўринишида кийиниб, қорда Тянь-Тянь каби юмалаган ва бу ҳолат тасвирга олинган.

У АҚШда қор бўронлари тугагач, оиласи билан Вашингтондаги ҳайвонот боғига бориб, яна панда қиёфасига кирмоқчи ва Тянь-Тянь билан учрашмоқчи. У шунингдек, боғда Бэй-Бэйни учратиш умидида.

АҚШ шарқидаги қор бўронлари туфайли 6та штатда фавқулодда вазият эълон қилинишига олиб келган. Қор бўронлари туфайли ўндан ортиқ киши ҳалок бўлган ва 8 мингдан ортиқ авиарейс бекор қилинган.