Технология | 09:19 / 28.01.2016
11341
3 дақиқада ўқилади

2015 йилда Қозоғистон йўлларида яна 80 та қимматбаҳо машина пайдо бўлди

Қозоғистон автомобиль бозори учун ҳаяжонли бўлган 2015 йилда мамлакатнинг қимматбаҳо машиналари парки тахминан яна 80 та қимматбаҳо машина билан бойиди, улар орасида Luxury синфидаги машиналар, суперкарлар бор.

Кўринишича, молиявий инқироз қозоғистонлик қимматбаҳо машиналар ишқибозлари учун таъсир қилмаган кўринади, деб маълум қилмоқда Kolesa.kz.

2015 йилда қимматбаҳо машиналар ихлосмандлари орасида энг оммабоп машиналар Bentley седанлари ва купеси бўлди. Қозоғистонда 2015 йилда 36 та шундай автомобиль рўйхатдан ўтказилди, улардан 27 таси Россиядан келтирилган.

Бу борада 2-ўринни яна битта “бритиши”, яъни Британияда ишлаб чиқариладиган Rolls-Royce маркаси эгаллади. 2015 йилда Қозоғистонга бундай машиналардан 17 таси келтирилган, Rolls-Royce ва Bentley’нинг Қозоғистонда расмий дилери борлигига қарамасдан, уларнинг 16 таси Россиядан келтирилган.

Етакчи учликдан Италиянинг Lamborghini маркаси жой олди, 2015 йилда бундай машиналардан 6 таси, жумладан 2 та янгигина Huracan келтирилган.

Кейинги ўринни Maserati ва Maybach лимузинлари эгаллади, уларнинг ҳар биридан 5 донадан келтирилган.

Қимматбаҳо автомобиллар орасида энг кам талаб Aston Martin’га бўлган, бу моделдан Қозоғистонга бор-йўғи битта дона келтирилган.

Қозоғистонда оммалашиб бораётган Tesla электромобилларини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Қозоғистонда бундай автомобиллардан фойдаланишга мўлжалланган инфратузилманинг умуман йўқлигига қарамасдан, Tesla Model S автомобилларининг Олмаота ва Остонада юргани кузатилган. 2015 йилда бундай машинадан 9 таси келтирилган.

Шунингдек, 2015 йилда Қозоғистон йўлларида BMW’нинг жуда камёб моделлари – 2 та i8 гибрид спорткупеси ва битта i3 хэтчбекини кўриш мумкин бўлди.

Porsche маркаси ҳақида гапириладиган бўлса, Қозоғистонга 2015 йилда бу марканинг 911 купесидан 2 таси олиб келинди.

Jaguar’нинг F-Type моделидан бир дона келтирилди.

Қозоғистонда рўйхатга олинган қимматбаҳо автомобиллар сони ҳақидаги маълумот тўлиқ бўлмаслиги мумкин, чунки бундай қимматбаҳо машиналар мавжуд бўлмаган пастроқ синфдаги автомобилларга тегишли автомобиль рақамларини тақиб юрган ҳолатлар ҳам учраган.

Шундай ҳолатлардан охиргиси Остонада 6 ғилдиракли Mercedes-Benz G 63 AMG модели билан юз берди. Полиция маълумотларига кўра, унга ўрнатилган 257ADM рақами бирорта ҳам автомобилга бириктирилмаган бўлган. Ана энди ўзингиз хулоса чиқараверинг, Қозоғистон йўлларида шундай машиналардан яна қанчаси юрган бўлиши мумкин.