Спорт | 07:09 / 30.01.2016
3894
2 дақиқада ўқилади

Гандбол бўйича Норвегия терма жамоаси Германияга қарши учрашув натижаси юзасидан шикоят аризаси топширди

Россия гандбол федерацияси президенти Сергей Шишкарев гандбол бўйича Норвегия эркаклар терма жамоаси Европа чемпионатининг Германияга қарши яримфинал учрашуви натижаси юзасидан тегишли идораларга шикоят аризаси топширганини маълум қилди. Учрашув 33:34 ҳисобида Германия ҳисобига якунланган.

Шикоятга учрашувнинг охирги ҳужумида германияликлар ўйинчилар таркиби қоидасини бузишгани сабаб бўлган.

Германия жамоасининг бу учрашувдаги ғалабаси Россия жамоасининг 2016 йилги Олимпия ўйинларида иштирок этишдан маҳрум қиларди. Россияликларда Олимпия ўйинларига бориш имконияти норвегияликлар Европа чемпионатини ютсагина қолаётган эди.    

“Норвегия жамоаси немисларга қарши учрашув натижаси юзасидан шикоят аризаси топширди. Ҳал қилувчи тўп киритилган охирги ҳужумда майдонга немис жамоасининг дарвозабон кийимидаги яна бир ўйинчиси чиқиб кетган. Ваҳоланки асосий дарвозабон ҳали майдонни тарк этмаган бўлган. Бу қоидабузарлик ҳисобланади. Расман Норвегия жамоаси ҳақ”, деб айтди Шишкарев. 

Агар шикоят аризаси тўғри деб топилса, учрашув бошқатдан ўйналиши керак бўлади.