Сеул суди “Бургер-Кинг”да қотиллик қилган америкаликни 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди
Сеул суди 1997 йилдаги қотиллик жинояти учун америкаликни 20 йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда Associated Press хабар бермоқда.
36 ёшли Артур Паттерсон 1997 йилда 22 ёшли корейс талабаси Чо Чун Пилни ўлдирганликда айбдор деб топилди. Паттерсонга айблов ҳукмидан норозилиги билдириши учун бир ҳафта муҳлат берилди.
1997 йилда Американинг Жанубий Кореядаги ҳарбий базаси фуқаро хизматчисининг ўғли Паттерсон ва унинг дўсти, келиб чиқиши корейс бўлган америкалик Эдвард Ли “Бургер-Кинг” тамаддихонаси ҳожатхонасида Чо Чун Пилга ҳужум қилган. Олган кўп сонли тиғ жароҳатлари натижасида Чо шифохонага элтиш йўлида вафот этган. Тергов жараёнида Паттерсон ва Ли қурбон билан таниш бўлмагани аниқланди. Сўровлар вақтида эса жиноятчилар бир-бирини айблашган.
Аввалига суд қотилликда Лини айбдор деб топиб, унга умрбод қамоқ жазосини тайинлаган. Паттерсон эса далилларни яшириш ва ноқонуний қурол сақлагани учун бир ярим йил муддатга озодликдан маҳрум этилган; айнан унинг қуроли билан талаба ўлдирилган. 1999 йилда амнистия сабабли озод қилингандан сўнг янги тергов жараёни бошланганини билиб, Жанубий Кореяни тарк этган.
Лининг иши қайта кўриб чиқилганидан кейин далиллар етишмовчилиги сабабли озод қилинган, Паттерсонга эса 2011 йилда расмий айблов эълон қилинган. 2015 йилнинг сентябрида у АҚШдан Жанубий Кореяга экстрадиция қилинди.